Пайшанба куни Испания ва Италияда навбатдаги тур, Германия, Англия ва Францияда эса, кубок ўйинлари бўлиб ўтди. Жумадан эса навбатдаги турга ҳам старт берилди. «ПСЖ» кутилмаганда «Дижон»га ютқазиб улгурди.

 Агар дам олиш кунларидаги бўш вақтимизни футбол билан ўтказмоқчи бўлсак, бу сафар ҳам бизни бир қатор қизиқарли баҳслар кутиб турибди. Ёмон хабар шундаки, Европада соат сурилди, энди ўйинларни одатдагидан бир соат кечроқ кўришга мажбурмиз.

БОРУССИЯ Д – ВОЛЬФСБУРГ (2 ноябрь, 19:30)

Бундеслига турнир жадвалининг юқори қисмида жуда зич ҳолат юзага келган. Масалан, 10-ўринда бораётган «Айнтрахт» пешқадам жамоадан атиги 5 очко ортда холос. Ҳаммамиз топ жамоалар кўплигини айтадиган Англияда ҳам ҳатто, биринчи ва иккинчи ўринлар ўртасидаги фарқ олти очкони ташкил қилиб турибди. Германиядаги бу ҳолат кучли жамоаларнинг кўпайганиданми ёки барқарор жамоалар йўқлигиданми, ҳозирча айтиш қийин.

Лекин мана шундай талотўпда ҳам ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган жамоа борлиги ҳам қизиқ – «Вольфсбург». «Бўрилар» кўп дуранг ўйнашди, аммо ҳимоя чизиғи бўйича ҳам лигада етакчилик қилишмоқда. 9 ўйиндан атиги 5 марта ўз дарвозасидан гол ўтказган «Вольфсбург»ни энди Дортмунд клуби синовдан ўтказади. Ўзаро ўйинлар борасида «Боруссия» «Вольфсбург» учун энг ноқулай рақиб – сўнгги 8 ўйиннинг 7тасида «асаларилар» ғалаба қозонган, бир ўйин дуранг билан якунланган. Шунингдек, охирги беш ўйинда ҳатто «Вольфсбург» бирорта ҳам гол ура олмаган. Лекин жамоаларнинг бугунги ҳолати, турнир жадвалида қўшни эканликлари учрашувни янада аҳамиятлироқ, қизиқроқ қилса керак.

Жароҳатлар борасида, ниҳоят «Боруссия» анча ўзига келиб олди. Шмелцердан бошқа барча футболчилар курашга тайёр, лекин уч кундан кейин «Интер»га қарши жуда муҳим ўйин кутиб турганини эътиборга олсак, Фавр ақлининг бир чеккасида ўша ўйин ҳақида ҳам ўйлаши ва маълум ротациялар қилишга ҳаракат қилиши ҳам турган гап. Меҳмонларда эса, шундоқ ҳам муаммолар етарли – биратўла таркибнинг етти футболчиси сафдан ташқарида. Булар ичида Меҳмеди, Гинчек каби етакчилар ҳам бор. Дарвозабон Кун Кастелс эса, яна машғулотларни бошлади ва балки сафга қайтиши ҳам мумкин.  

РОМА – НАПОЛИ (2 ноябрь, 19:00)

Италияда бу сафар ажойиб тур бўлади. Турин дербисидан ташқари, топ-6 дейиш мумкин бўлган яна тўрт жамоа ўзаро куч синашадилар. «Рома» ҳам, «Наполи» ҳам, ҳозирча чемпионлик учун даъвогар ҳисобланишмаса-да, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун тўғридан-тўғри рақобатчилар деб аташ мумкин.

Ҳафта ўртасидаги ўйинлар айнан мана шу кучли тўртликдаги ўринни «Рома» «Наполи»дан тортиб олиши билан якунланди. Римликлар сафарда чиройли ғалабага эришган бўлишса, «Наполи» «Аталанта»га қарши принципиал учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ғалабани бой берди. Бу эса, Анчелотти жамоасининг А Сериядаги сўнгги тўрт ўйиндаги учинчи дуранги эди. Йўқотилган олти очко «Наполи»ни бемалол пешқадамлар қаторига киритиши мумкин эди. Энди эса, оғир ой бошланди – неаполликлар ноябрнинг ўзида «Рома», «Милан» ва «Ливерпуль» жамоалари стадионида меҳмон бўлишади. Бундай тақвим билан ҳам Серия, ҳам Лигадаги имкониятни сақлаб қолиш осон бўлмайди.