Спорт | 15:30 / 03.11.2019
35350
2 дақиқада ўқилади

Трамп UFC турнирини томоша қилишга келди. Уни олқишлар ва ҳуштакбозликлар билан қарши олишди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2 ноябрь, шанба куни Нью-Йоркда ўтказилган UFC 244 кечасига ташриф буюрди. Уни бу ерда ҳам олқишлашди, ҳам ҳуштакбозлик қилишди.

Президент Нью-Йоркдаги Madison Square Garden аренасидаги жангларни Республикачилар партияси раҳбарияти вакиллари, шунингдек, икки ўғли, кичик Дональд ва Эрик билан бирга кузатди.

Аренага кириш қисмида Трампга қарши ҳайқириқлар янгради.

Қайд этиш керакки, бир неча кун муқаддам Вашингтонда бейсбол бўйича чемпионат вақтида президентга ҳуштакбозлик қилинганди.

Аммо шанба оқшомида президентни аралаш кайфиятдаги инсонлар қарши олишди - ҳам олқишлашди, ҳам ҳуштакбозлик қилишди.

Одамлар «Трампни йўқотинг» ва «Трампга импичмент» ёзувлари туширилган плакатларни ҳам кўтаришди.

Шу ҳафтада АҚШ Конгресси президент Дональд Трампга қарши импичмент жараёнини бошлаш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганди. Трампнинг мухолифлари президент бошқа давлат раҳбаридан (Украина президенти Владимир Зеленский) шантаж йўли билан ўзининг бўлажак сайловдаги асосий рақиби бўлиши кутилаётган демократ Жо Байденга қарши текширув ўтказиб, уни обрўсизлантириб беришини сўраганини даъво қилишмоқда.

1993 йилда тузилган UFC (Ultimate Fighting Championship) спорт ташкилоти аралаш спорт турлари бўйича чемпионатларни уюштириб келмоқда.

Ҳозирда дунё бўйлаб ушбу турнирнинг миллионлаб мухлислари мавжуд, Конор МакГрегор ва Ронда Раузи каби спортчилар эса суперюлдуз мақомида.

Дональд Трамп кўп йиллар муқаддам UFC турнирига ташриф буюрганди, ўшанда кўплаб стадионлар ва нашрлар ушбу спорт турини инкор қилишганди.

«Мен Дональд Трамп ҳақида ҳеч қандай салбий гап айта олмайман, чунки у ҳали ҳеч ким биз томонида бўлмаганида биз билан бўлганди», - дейди ташкилот бошлиғи Дан Уайт.

2016 йилда Уайт Республикачилар партияси йиғилишида Дональд Трампнинг президентлик кампанияси доирасида нутқ сўзлаганди.

Мавзуга оид