Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабдан ташқари таълим тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари такомиллаштирилади. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
“Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари - директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга оширилади;
“Баркамол авлод” болалар мактаблари инструктор-услубчилари ва услубчиларнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилади, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга оширилади;
“Баркамол авлод” болалар мактабларини махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳаси учун ажратилган маблағлар доирасида ва “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига:
“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари” тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги:
Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, Республика “Болалар кутубхонаси”, “Болалар кутубхоналари”ни юқори малакали мутахассислар (тўгарак раҳбарлари, кутубхоначилари, инструктор-услубчилари, услубчилар ва бошқа) билан таъминлаш чораларини кўради;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг Мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кафедраси томонидан ҳар йили нуфузли хорижий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиш орқали, улар иштирокида анжуманлар, вебинар, амалий маҳорат ва намунали ўқув дарсларини ўтказади ҳамда ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари юзасидан ҳамкорлик ўрнатади;
















