Ўзбекистон | 16:20 / 07.11.2019
17376
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: «Ҳатто она тили фани ўқитувчилари ҳам грамматикани яхши билмайди»

Бугун, 7 ноябрь куни Халқ таълими вазирлиги биносида «Умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қатнашган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов давлат тилини ўқитишдаги камчиликлар, педагоглар билими борасида маълумот берди.

«Ўқувчилар камида 3та тилни билишлари талаб этиляпти. Булар ўзбек, рус ва инглиз тиллари. Қўшимча тиллар ҳам ўқитилиши мумкин. Инглиз тили учун АҚШ, рус тили учун эса Россия билан турли келишувлар орқали ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Лекин ўзбек тилини ўқитиш, педагоглар малакасини ошириш бўйича ҳаракатларни ўзимиз қилишимиз керак. Давлат тилини ўқитиш, тилни билиш даражасини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқувчи алоҳида гуруҳ тузганмиз. Шу пайтгача баҳолаш грамматикани текшириш шаклида бўлган. Сирдарё вилоятида ўқитувчиларнинг ўзбек тили грамматикаси бўйича билимлари текширилди.

Афсуски, грамматикани ўқитувчилар ҳам билмаслиги аниқланди. Ҳатто она тили ўқитувчиларининг кўпчилиги тестдан ўтолмади, чунки грамматика қийин. Фақат грамматикани текшириш ўзи етарлимас. Бунда ўз фикрини она тилида ифодалай олиши, тўғри тушуниши ҳам муҳим, яъни тил кўникмаси бўлиши керак. Шуларни ҳисобга олиб ўзбек тилида ҳам IELTS каби тизим устида ишлаяпмиз. Агар у ишга тушса методика ҳам ўзгаради. Механизмни ишлаб чиқадиган экспертлар очиқ танловини эълон қилганмиз. Биз ҳар доим ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.  

Мавзуга оид