Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан тушган мурожаатларни ўрганиш учун мазкур туманда бўлдик.
Чироқчи тумани ҳудуди жуда катта. Шу сабабли вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари ва бошқа соҳалар раҳбарлари вазиятни жойида ўрганиш учун бизга ҳамроҳлик қилишди.
Дастлабки мурожаат туманнинг «Оқ-олтин» маҳалласидан эди. Бу ерда қирлар тепасида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари ичимлик суви муаммосига дуч келишган. Улар қарийб 5 км узоқликдаги чашмадан ер қазиб, қувур билан тортиб келаётган сувни қўшни қишлоқ аҳолиси бузиб ташламоқда.

Бу қишлоқ аҳолиси асосан чорва боқиб, лалми ерда деҳқончилик қилиб кун кўради. Қишлоқда қудуқдан сув чиқариш учун 80-100 метр чуқур қазиш керак.
Маҳалладошлардан бирининг айтишича, қир устидаги янги рўзғор бўлган 40тача хонадон ичимлик сувини пастдан ташиб келтиради. Ичимлик сувини 5 км узоқликдаги чашмадан ҳашар йўли билан ўртага пул ташлаб, қувур тортиб келишганда қўшни қишлоқ аҳолиси қувурнинг 2 км жойини бузиб ташлашган. Сабаби чашмадан уларнинг қўй-қўзилари сув ичар экан, бу қишлоқдагилар сувни тортиб кетишса, чорвага сув етмай қолар экан.
Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ў.Абдураҳимов масала чигаллигини айтиб ўтди.

«Чашма турган ҳудуд нариги қишлоқ — Оқчува ҳудуди ҳисобланади. Бу масалани ҳар икки маҳалла оқсоқоллари иштирокида туман ҳокимлигида ҳам ўрганиб чиққан эдик. Ахийри, бу ердаги оқсоқол отахонлар ҳам оқчуваликларнинг талаби тўғри эканлигига кўнишган эди», дейди у.

Шундан сўнг туман мутасаддилари масалага бошқача ечим таклиф қилишди. Шароитсиз жойда истиқомат қилаётганларга пастдан уй-жой қуриш учун ёпиқ аукцион орқали ер ажратиб берилиши таклиф қилинди.



























