“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар”. 2019 йил 22 декабрда бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови ана шундай шиор остида ўтади.
Шу боис Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан
ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик ва ошкоралик
принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни очиқ ошкора, миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари алоҳида ўрин тутади. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
Шу боис бу йилги сайловлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари
ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишларини тақозо қилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамиятининг институти сифатида сайлов жараёни билан боғлиқ ваколатлари анчагина.
Биринчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолар номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади. Иккинчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади. Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади. Тўртинчидан, Сайлов кодексига киритилган энг муҳим янгиликлардан бири – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сиёсий партиялар каби ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчиларини қўйишга ваколатли.

















