Тошкентдаги муҳташам «Туркистон» санъат саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокор ва ҳамширалар, маданият ва санъат намоёндалари иштирок этган маросимда давлат раҳбарининг Тиббиёт ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди.

«Юксак эҳтиром ва кўтаринки руҳ билан кутиб олинган табрикдан сўнг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг махсус Фармонига кўра бир гуруҳ соҳа вакилларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан давлат мукофотлари топширилди.


Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов соҳа ходимларини Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади.

Эътиборли жиҳати, бу йилги тиббиёт ходимлари куни ўзгача бир шукуҳда, кенг миқёсда нишонланди. Биринчи марта президентимиз тиббиёт ходимларини самимий қутлади ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу эътирофлар сўнгги уч йил давомида тиббиётга, шифокорларга қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Тантанали тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда барча соҳалари каби соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимиз фармони билан 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб,соҳа тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

Бугунги кунда тиббиёт тизимидаги янгиланишлар ғоятда жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди.










