Жаҳон | 08:34 / 12.11.2019
5636
2 дақиқада ўқилади

Бангладешда “Булбул” циклони 26 кишининг ҳаётини олиб кетди

Фото: AFP

Бангладешга ёпирилган “Булбул” циклони камида 26 кишининг ҳаётини олиб кетди. Бу ҳақда Daily Star маҳаллий нашри хабар берди.  

Одамларнинг ўлимига асосан кучли шамол сабабли ағдарилган дарахтлар сабаб бўлган. Баъзилар чўкиб кетган, яна бир қисм одамлар уйлар қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Шунингдек, 51 нафар балиқчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Улар довулдан огоҳлантиришга қарамай, денгизга чиқиб кетишган ва қайтиб келишмаган. 

Шунингдек, табиий офат Бангладеш жанубидаги туманларда 100 мингга яқин уйга шикаст етказган, минглаб дарахтларни қўпориб ташлаган. Соҳилбўйи ҳудудларида 3 минг гектар экин майдонига шикаст етган, улардан бир қисми сув остида қолган. Бундан ташқари, довул уяли алоқа вишкаларини қўпориб ташлаб, электр узатиш линияларига шикаст етказган.

Таъкидланишича, 2,16 млн киши эвакуация қилиниб, махсус тайёрланган паноҳгоҳларга етказилган.

Аввалроқ Times of India нашри маълум қилганидек, “Булбул” Бангладешга ёпирилишдан аввал Ҳиндистоннинг Орисса ва Ғарбий Бенгалия штатларидан ўтган. Бунинг оқибатида 10 киши циклон қурбонига айланган, 60 мингдан кўпроқ уй буткул вайрон бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид