Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасини ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг “Низоларни судгача ҳал этишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасидаги барча ҳакамлик судьяларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
ҳакамлик судьялари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш;
доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судьялари томонидан ишларнинг кўрилиши ҳамда ҳакамлик судларининг даврий ҳисобдорлигини мониторинг қилиш;
ҳакамлик судьяларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳакамлик судьялари томонидан кўрилган ишлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ҳакамлик суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш;
ҳакамлик суд ишлари юритишни оммалаштириш, хорижий давлатлар ҳакамлик судлари билан маълумотлар алмашиш, халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, ушбу соҳада ривожланган халқаро тажрибани ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда татбиқ этиш борасида кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда ҳакамлик суд ишларини юритиш бўйича бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик ва маълумот алмашинувини йўлга қўйиш;
ҳакамлик судлари фаолияти ва ҳакамлик суд ишларини юритишдаги долзарб масалалар бўйича семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш.
Белгиланишича, 2020 йил 1 апрелдан:
ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий маълумотга эга бўлган, низоларни холис ҳал қилиниши таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик келишуви тарафларидан мустақил бўлган ҳамда ҳакамлик судьясининг мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси бўлиб сайланиши (тайинланиши) мумкин;

















