Қарши шаҳрида яшовчи тадбиркорнинг мулкини шаҳар ҳокими қарор чиқариб захирага олган, орадан кўп ўтмай шу мулкни бошқа тадбиркорга бериб юборган. Компенсациясиз, ўрнига ер берилмасдан ва бошқа келишувларсиз. Тадбиркор судга бериб ютиб чиққан ва мулкини қайтариб олган. Кейин яна суд, яна қарор ва яна суд... Бу ишлардан чарчаган тадбиркор иккинчи марта таҳририятга мурожаат қилди.

Қарши шаҳар ҳокимининг 2017 йил 14 апрелдаги Х-843/4-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ–2853-сонли «2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ чиқарилган. Янада аниқроғи, шаҳар ҳокими қарорида президент қарорининг 17-банди нотўғри талқин этилган ҳолда тадбиркорнинг қонуний мулки бошқа тадбиркор – «Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» АЖ тасарруфига ўтказилиши белгиланган. Ана шу номувофиқлик, нотўғри талқин 2018 йил 7 январда Kun.uz’да эълон қилинган «Қарши шаҳар ҳокимлиги бир тадбиркорни чирқиратмоқда — бу нима, фидойилик ё рейдерлик?» сарлавҳали мақолада ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил этилган эди.

Масаланинг яна бир томони ўқувчини айниқса сергак торттиради: Президент қарорида деҳқон бозорларда туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш ушбу деҳқон бозорларига ўтказилади ва кейинчалик улар фаолиятидан тушган пул тушумлари деҳқон бозорларининг солиқ солинадиган даромадлари таркибига киритилади ҳамда ушбу маблағларнинг 50 фоизи маҳаллий бюджетларга йўналтирилади, деб кўрсатилган.

Эътибор беринг, шундай бўлгани ҳолда шаҳар ҳокими И.Панжиевга тегишли «Асилбек Зиёда» СИЧКга тегишли ер майдонини президентнинг юқоридаги қарорига асосан олиб қўйиб, орадан 7 кун ўтгач, Президент қарори талабларини қўпол равишда бузиб, бошқа тадбиркор «NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖга ажратиб берган. Агар ҳокимлик президент қарорини рўкач қилиб тадбиркорнинг мулкини олиб қўйган бўлса, нима сабабдан ер яна бошқа тадбиркорга бериб юборилган?

Орадан бир йил ўтиб суд Қарши шаҳар ҳокими қарорининг тадбиркорга оид қисмини ҳақиқий эмас, деб топди. Аммо шу билан ҳам тадбиркорнинг муаммоларига чек қўйилмади. Ҳали ҳокимлик, ҳали тадбиркор турли янги ҳолатлар билан судларга мурожаат қилмоқда ва ҳали бери тадбиркор тинчгина ўз ишини қиладиганга ҳам ўхшамаяпти.

Умуман, бу бўйича суд ишлари 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар жами 10 марта бўлиб ўтган, шундан 5 марта Қашқадарё вилоят ва шаҳар маъмурий судлари, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва яна Муборак туман маъмурий судига биринчи инстанция судига ишни янгидан кўриб чиқиш учун юборилган суд, яна қарор ва яна суд...