Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳамда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлили ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
«Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хомашё ва технологик ускуналарни импорт қилишда божхона тўловларидан озод этилди.
Буларнинг натижасида сўнгги икки йилда 41 та янги фармацевтика корхонаси ташкил этилиб, жами корхоналар сони 191 тага етди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробарга ўсди.
Фармацевтикага ихтисослашган 8та эркин иқтисодий зонада қиймати 84 миллион долларлик 18та янги қувват ишга туширилиб, 600 турдаги дорилар ва 50дан ортиқ тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Лекин бу қувватлар ҳали етарли эмас, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ассортименти ҳам тор. Шу боис ички бозор эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмаяпти ва импорт қилишга тўғри келяпти.
Мамлакатимиз фармацевтика бозори 1 миллиард доллар атрофида бўлиб, унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссаси юқори эмас. Дори воситалари ҳаракатининг тўлиқ циклини кузатиш – маркировка тизими жорий этилмагани оқибатида уларнинг сифати ва нархини назорат қилиш қийин кечмоқда. Масалан, ўтган икки йилда юртимизга сифат стандартига жавоб бермайдиган 123 миллиард сўмлик дори-дармонларни олиб кириш ҳолатлари аниқланган.
Бундай шароитда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг ишончли ва самарали йўли – диёримизда етиштирилган табиий тоза, доривор ўсимликлар асосида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ҳамда сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва техникалари билан таъминлаш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

2025 йилгача ички бозорда дори воситалари истеъмол ҳажмининг камида 50 фоизини маҳаллийлаштириш, жумладан, ўзлаштирилган дори номларини ҳозирги 2,5 мингдан 4 мингтага етказиш учун имкониятлар етарли экани таъкидланди.

















