Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро мунозара ўтказилди.

Парламент сайтида хабар қилинишича, фракциялараро мунозарадан кўзланган асосий мақсад меҳнат муносабатлари бўйича қонун ҳужжатларига киритилаётган институционал ўзгаришларни муҳокама қилиш ва мутахассислар, экспертлар фикрларини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли бандлигига оид қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан якдил тўхтамга келишдан иборат бўлди.

Қонунни такомиллаштириш орқали мамлакатда янги барқарор иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, миллий меҳнат бозорида ишчи кучи рақобатбардошлигини ошириш, банд аҳолининг малака сифати ва касбий даражасини ошириш борасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Шу билан бир қаторда, айни пайтда меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти, инвестиция фаоллигини ошириш ва ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш учун “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш давр талабига айланди. Яъни, кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти муайян даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасини тубдан ўзгартиришни, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда.

Шунинг учун ҳам бугунги ҳуқуқ амалиёти ушбу йўналишдаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ, алоҳида қонунчилик ва қонуности ҳужжатлари орқали тартибга солишдан воз кечган ҳолда, йўналтирилган, тўғридан-тўғри ва таъсирчан қонунчилик йўли билан тартибга солиш амалиётига ўтишга мўлжалланган. Бу эса, ҳуқуқий зиддиятлар, номутаносибликлар, ҳуқуқни нормаларини турлича талқин қилиш каби ҳолатларга ва мураккабликларга барҳам беради.

Мазкур қонун лойиҳаси жорий йил 22 октябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланганди. Аҳоли бандлиги соҳасидаги туб ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ўзгаришларни қонун амалиёти билан мустаҳкамлаш орқали кескин жадаллаштириш йўналишлари депутатлар корпуси томонидан қўллаб-қувватланганди. Қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан кейин ўтган қисқа давр ичида сиёсий партия фракциялари, депутатлар, экспертлар, иш берувчилар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилди.