Ўзбекистон Республикаси президенти “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Қуйидагилар миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш;
миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;
жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик;
миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларни, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси тузилмасида илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими ўрнига юридик шахс тузмасдан, штатдаги ходимлар сони 4 нафардан иборат Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.









