Одатда, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус пайтида клубларда ҳаммаси тинч бўлади, лекин сешанба куни Англияда ҳақиқий «бомба» портлади. «Тоттенҳэм» бош мураббий Маурисио Почеттинони истеъфога чиқарди. Ҳа, икки томонлама келишув асосида шартномани тугатиш эмас, айнан истеъфо рўй берди.
Леви нима дейди?
«Бизнинг бу ўзгаришлар томон юришимиз осон бўлмади ва бу қарор шошилинч тарзда қабул қилинган ечим эмас» – деди «шпорлар» хўжайини Дэниел Леви, - «афсуски, жамоанинг чемпионатда ўтган мавсум охирларидаги ва ушбу мавсум бошидаги натижалари ҳафсалани пир қиладиган даражада бўлди.
Раҳбарият учун бу жуда оғир қарор, зеро биз Маурисио ва унинг штаби билан биргаликда жуда ажойиб онларни бошдан кечирдик. Лекин клуб манфаати учун шу йўлдан боришга мажбурмиз.
Маурисио ва унинг штаби «Тоттенҳэм» тарихига кирдилар. Биз ўз стадионимизда ўйнай олмаган жуда қийин дамларда ҳам у синовларга дош берди, бизга ижобий натижалар ва онларни олиб келганди».
Аслида бундай янгиликлар олдидан матбуот турли миш-миш ва инсайдларга тўлиб кетар, ҳамма истеъфонинг қачон юз бериши-ю, янги номзодлар устида муҳокама қилишарди. Лекин бу сафар ундай бўлмади, истеъфо юз берган куннинг бошланишида Telegraph нашри «Тоттенҳэм» Почеттинони кетказмоқчи эмаслигини, бунинг устига унга тўланиши керак бўлган 12,5 миллион фунт товон пули ҳам катта сумма эканини ёзганди. Лекин ҳаммаси ўзгариб кетди, товон пули эса, энди тўланади.
Истеъфога етаклаган натижалар
Натижалар билан қарасак, Почеттинонинг кетиши у қадар ҳайратланарли эмас, «Тоттенҳэм» нафақат ушбу мавсумни, балки ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини ҳам жуда ёмон ўтказди. Фақат Чемпионлар Лигасидаги натижалар вазиятни бироз бошқача кўрсатиб турганди, холос.
«Тоттенҳэм» АПЛдаги сўнгги 24 ўйиндан атиги 25 очко олди – агар чемпионат февралда бошланганда, ҳозир клуб лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган бўларди. Бу мавсумда лондонликларда 12 ўйиндан кейин 14 очко бор ва жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси бериладиган ўринлардан (11 очко) кўра, «хавфли зона»га (6 очко) яқинроқ турибди. «Бавария»дан Чемпионлар Лигасида қабул қилиб олинган 2:7 ҳисобидаги мағлубият эса, жуда оғир зарба бўлди.
Бир неча манбанинг айтишича, Почеттино клубнинг трансфер кампаниясидан норози бўлган. Аргентиналик мутахассис таркибни тубдан янгиламоқчи бўлган, Себальос ва Коутиньони шахсан чақирган. Аммо раҳбарият фақат битта йирик трансфер билан чекланди – 60 миллион еврога Ндомбеле олиб келинди. Мураббийга керак эмаслиги айтилган Эриксен, Роуз ва Алдервейрелд сотиб юборилмади.
















