Президент Мирзо Улуғбек туманидаги технологик паркка ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига ташриф буюрди.
Ушбу IT-парк Президентимизнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди, шу мақсадда дирекция тузилди. Қурилиш ишлари жадал олиб борилиб, жорий йил июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.
Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Технопаркда мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда.
- Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.
Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу янги босқич қурилишига тамал тоши қўйди.
Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар.
Давлатимиз раҳбари бу ерда фаолият юритаётган мутахассислар билан суҳбатлашди.
- Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда ўзини намоён этмоқда. Ўз вақтида ахборот технологияларига эътибор қаратганимиз яхши натижалар бермоқда. Битта дастурий маҳсулот давлатимизга қанча наф келтиради, коррупция, бюрократияни бартараф этади, одамларга қулайлик яратади. Ҳар доим ёдда тутингларки, сизларнинг ишингиз жудаям муҳим, - деди Президент.
Мавзуга оид
16:56 / 25.09.2024
Баҳодир Ғойибназаров ҳокимликка қайтди
17:08 / 30.08.2024
Тошкентдаги Мулла Холмирза ота масжиди замонавий кўринишда қайта қурилмоқда
13:10 / 18.07.2024
Темур Малик кўчаси салкам 200 млрд сўмга реконструкция қилинмоқда
16:03 / 12.07.2024