"Ҳудудгазтаъминот" куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг бу борадаги саводхонлигини ошириш мақсадида махсус маълумот билан чиқди.

Ис гази нима?

Ис гази (углерод оксиди) - рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи – CO. У ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келувчи, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир.

Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаи ҳисобланади. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб юзага келади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин! Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади.

Ис газидан заҳарланишнинг умумий белгилари

Бош мия тизимида: уйқуга тортиш, бош айланиши, бош оғриғи, ҳушини йўқотиш;

кўриш тизимида: кўз олдининг қоронғилашиши;

эшитиш тизимида: эшитиш қобилиятининг пасайиши;

тери қисмида: терлаш кучайиши;

нафас олиш тизимида: нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал;

юрак қисмида: пульс ва АБ ортиши;

мушаклар тизимида: тремор (қалтираш).

Қандай ҳолатларда ис газидан заҳарланиш хавфи юқори бўлади:

шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда;

автоуловлар тураргоҳларида;

янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда;

уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда;

печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.