Delfi хабарига кўра, ҳозирда Латвия ва Россия ўртасида фақат битта мунтазам автобус йўналиши сақланиб қолган. Ушбу йўналишда Ecolines бренди остида ишлайдиган Norma-A компанияси ҳар куни рейсларни амалга оширмоқда.
Компанияга берилган рухсатнома 2027 йил 9 январга қадар амал қилади. Латвия ҳукумати унинг амал қилиш муддатини узайтиришни режалаштирмаяпти.
Айни пайтда Россия ва Беларусга номунтазам автобусларда йўловчи ташиш Латвияда 2025 йил 1 ноябрдан буён тақиқланган. Дастлаб ушбу чеклов 2026 йил 31 октябрга қадар амал қилиши белгиланган эди. Энди расмийлар уни яна 12 ойга узайтиришни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, Латвия Транспорт вазирлиги мунтазам автобус рейсларининг бекор қилиниши Россия ва Беларусга бориш имкониятини бутунлай ёпмаслигини тан олмоқда. Йўловчилар Эстония ёки Литва орқали алмашиб ўтириш йўли билан бу давлатларга бориши мумкин. Бундан ташқари, автобус ташувларига оид мазкур чекловлар микроавтобусларга татбиқ этилмайди.
Латвия расмийлари келгусида ҳам бундай қатновларнинг хавфсизлик, иқтисодий манфаатлар ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига таъсирини ўрганишни давом эттирмоқчи. Асосий мақсад Болтиқбўйи давлатлари ва Европа Иттифоқи миқёсида умумий ёндашувни шакллантириш экани айтилган.
Латвия ҳукумати аввал ҳам ўз фуқароларига Россия ва Беларусга сафар қилмасликни бир неча бор тавсия қилган. Мамлакат Давлат хавфсизлик хизмати эса бундай сафарлар чоғида фуқаролар махсус хизматлар томонидан ёлланиши хавфи мавжудлигидан огоҳлантирган.
Россия ва Беларус билан автобус қатновларини тўлиқ тўхтатиш режалари ҳақида жорий йил май ойида ҳам хабар берилган эди. Ўшанда Ecolines чекловлар натижасида компаниянинг тўғридан тўғри йўқотишлари йилига қарийб 4 млн еврони ташкил қилиши мумкинлигини ҳисоблаб чиққан. Автобус паркининг бекор туриши эса яна йилига тахминан 2 млн евро зарар келтириши мумкин.
Автобуслар Европа мамлакатларидан Россия ва Беларусга боришнинг нисбатан арзон транспорт воситаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ йўловчилар чегарадаги текширувлар сабабли кўп соатлик навбатларга ҳам дуч келмоқда.
















