Ўзбекистон | 08:43 / 23.11.2019
5802
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон нефть-кимё маҳсулотлари экспорти билан янги қўшма корхона шуғулланади

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлигида Озарбойжон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегация таркибига «Socar», «Socar Trading» ва «Chemtrade LLC» компаниялари вакиллари кирди.

Ўзбекистон томони номидан энергетика вазири ўринбосари, шунингдек «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖ раҳбарияти вакиллари иш юритди.

Томонлар Европа йўналишидаги кимёвий ва нефть-кимё маҳсулотлари экспортига йўналтирилган қўшма корхонани ташкил қилиш масаласини муҳокама қилди.

Ушбу режалар Ўзбекистон ва Озарбойжон президенти Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши йиғилиши (2019 йил, 15 октябрь, Баку) доирасидаги учрашувлари пайтида эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилади. 

Учрашув давомида Озарбойжон делегацияси раҳбари, «SocarTrading» компанияси нефтькимё маҳсулотлари департаментининг маркетинг ва сотув бўйича бош директори Руфат Катибли Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш заводларига углеводород хомашёсини етказиб беришдан манфаатдор эканлигини ҳам маълум қилди.

Учрашув якунларига кўра, мақсадлар баённомаси, шунингдек, SOCAR, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖ ўртасида қўшма корхонани тузиш тўғрисидаги «Йўл харитаси»ни тайёрлаш ва имзолаш ҳақида келишувга эришилди. У кимё, нефть-кимё маҳсулотлари ва ўғитларни Европа бозорларига етказиб бериш билан шуғулланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид