Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кореядаги ватандошлар билиши керак бўлган 10та тавсия (2-қисм)
«Корея кундалиги» рукнидаги навбатдаги мақолада Жанубий Кореяга ўқиш ё ишлаш учун бораётган ватандошлар билиши тавсия этиладиган яна бешта муҳим маълумот санаб ўтилади.
Дастлабки беш тавсия ҳақида мақоланинг биринчи қисмида сўз юритилган эди.
6. Чиқинди ташлашда махсус пуллик пакетлардан фойдаланинг
Жанубий Кореяда чиқинди масаласи бироз тушунарсиз кўриниши мумкин. Ахлат ташлаш учун махсус жойлар бор, лекин деярли алоҳида қутилар жойлаштирилган майдонларни учратиш қийин. Аҳоли белгиланган ҳудудларга ахлатларни олиб чиқиб қўйишади, эрта тонгдан махсус хизматчилар чиқиндиларни йиғиб чиқади. Кўча четларида уюм-уюм чиқиндилар ташланаверади. Талаб қилинадиган жиҳат шуки, бу ишни махсус пакетлардан фойдаланган ҳолда бажариш лозим.

Мазкур қоидага эътибор бермайдиган ёки ундан хабарсиз инсонлар ҳам топилади. Агар чиқинди ташлашда қоидага риоя қилинмаса ва шу шахс устидан шикоят тушган тақдирда, ҳатто аэропортдан чиқиб кетаётганда ҳам жарима ундириб олинган вазиятлар ҳақида юртдошларимизнинг ўз оғзидан эшитдик. Жарима – 300 доллар атрофида.
Пакетларнинг турлари ҳам бор. Уларнинг ранги ва ҳажми мақсадига кўра фарқ қилади – оқ, пушти, яшил ва оч кўк. Уларни ажратишда қийналсангиз, излашда корейсча номидан фойдаланишингиз мумкин: одатий чиқиндилар учун – 쓰 레 기 봉 투, озиқ-овқат маҳсулотлари учун – 음식물 쓰레기 봉투. Пакетлар пуллик бўлиб, деярли барча озиқ-овқат дўконларида сотилади.

Эслатма: Чиқиндилар махсус жойларга соат 19:00-23:00 оралиғида олиб чиқилиши зарур, ундан эрта эмас.
7. CCTV – бутун мамлакат бўйлаб кузатув камералари ўрнатилган
«Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма» деган мақол борки, бизнинг юртда ҳар ким ўз мулки хавфсизлиги учун яхшигина ҳимоя чораларини кўриб қўяди. Кореяда ҳар бир нуқтага тун-кун ишлайдиган кузатув камералари ўрнатилганлиги боис ҳам, кўпчилик маҳаллий аҳоли ўз мулки хавфсизлигига ортиқча эътибор бермайди. Велосипедлар қулфланмаган, шахсий буюмлар шунчаки жамоат жойларида эгасиз турганини кўриш мумкин. Кераксиз экан деган нотўғри тушунчага бориш мутлақо хато бўлади.

Афсуски, таъкидлаб ўтишга мажбурмиз, ўтган ойларда Марказий Осиё давлатлари вакиллари (ўзбеклар ҳам бор) томонидан жамоат жойларидаги велосипедларни ўғирлаш айби билан қўлга тушганлар ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўша айбни қилганлар ҳам балки «Бизни топиб олишмайди» деб жўн фикр қилишгандир, аммо ундай эмас. Хавфсизлик тизими яхши йўлга қўйилган, жиноят содир этган ҳар қандай шахс албатта қонун олдида жазога тортилади.
Яна бир муҳим масалани ёдга олиш ўринли бўлади. Хорижда бир миллат вакилининг қилган мақтовга сазовор иши ёки номақбул қилмиши бутун бир халққа таъриф бериш учун асос бўла олади. Шундай экан, биз режа қилган юмушлар бошқа миллатдошларга ҳам таъсир этишини ёдимиздан кўтармайлик.
8. Ҳалол озиқ-овқатлар топиш борасида маслаҳат
Бу масалага алоҳида тўхталмаслик хато бўлган бўларди. Жанубий Кореяда озиқ-овқат маҳсулоталарини тайёрлашда чўчқа гўшти ва ёғидан кенг фойдаланилади. Ҳатто ширинликларда ҳам учратиш мумкин. Бундан ташқари, озуқа таъми борасида Корея ва Ўзбекистон орасида ер билан осмонча фарқ бор.
Корея мусулмонлари федерацияси маълумотига кўра, бугунги кунга келиб мамлакатда 150 мингдан зиёд мусулмон истиқомат қилмоқда. Индонезия, Покистон, Малайзия, Марказий Осиё ва Африка давлатларидан келганлар – Кореядаги мусулмон диаспорасининг асосини ташкил этади. Мусулмон қатлам кўпайиб бораётгани сабаб, тадбиркорлар ҳалол маҳсулотлар савдоси ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кўпроқ эътибор қаратишяпти.

Ҳалол ва ўзбекча озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда қуйидаги брендлар кўпчилик томонидан эътироф этилаётганининг гувоҳи бўлдик: Ebozor, Halal Baraka, Bozoraka, Otash qassob, Al Baraka, O’zbegim, Xalqlar do’stligi ва Storeling ҳалол озиқ-овқат дўкони.

Ҳар бирининг ижтимоий тармоқларда манзили мавжуд бўлиб, бутун Корея бўйлаб етказиб бериш хизмати йўлга қўйилган.
9. «Нелегал»га чиқиш ёки G-1 (гуманитар) виза олиш Жанубий Кореяда узоқроқ муддат қолиш учун тўғри ечим эмас
Меҳнат қилиш мақсадида келганларнинг шартнома вақти тугаб бораётган пайтда ёки талабаларнинг контрактдан қийналиб юрган кезларда ноқонуний ҳаётга чиқиш ҳақида ўйлай бошлаши, минг афсус бўлсинки, кўп кузатиляпти. Узоқни ўйламай туриб, бемаслаҳат бундай қарор қабул қилишнинг оқибати салбий бўлиши мумкин.
«Уйга қайтиб қандай иш қиламиз, қандай оила боқамиз?» деган ҳадикнинг борлиги бунинг асосий сабабларидан. Лекин қачондир ватанга қайтаётган пайтингизда ноқонуний юрганлик учун маълум миқдордаги жарима Корея ҳукумати томонидан ундириб олинади. Иммиграция ходимлари билан тўқнаш келиб қолишга бўлган доимий қўрқув таъқиб этаверади, охирги бекат эса депорт!

Ноқонуний ҳаётга чиқиш кўпинча ишчининг меҳнат шартномасидаги муддат тугагандан сўнг ёки талабаларнинг ўқишни ташлаб, қонунни четлаб ўтган ҳолда Кореяда яшаш-ишлашни давом эттириши билан боғлиқ бўлади. Бир қараганда ҳеч қандай маъсулият йўқдек, ўзингга хон, ўзингга бек бўлиб яшаш чиройли кўриниши мумкин, лекин зарарлари фойдасидан кам бўлмайди.
G-1 – қандай виза тури? Гуманитар виза дея номланган G-1`ни бешта ҳолатда қўлга киритиш мумкин. Умуман олганда, мазкур виза турининг қўрқинчли жойи йўқ, аммо бу статусни қўлга киритишдаги рўкач қилинадиган сохта маълумотлар аризачининг оёғига болта уриб қўйиши мумкин.
Қандай сабабларга кўра шахснинг Кореяда қолмоқчи экани очиқланиши зарур бўлган бу вазиятда таржимонлар ҳам иштирок этади. Агарда келтирилган сабаб ёлғонлиги исботланса, ҳар икки шахс ҳам тегишли тарзда жавобгарликка тортилади.
G-1 визага ўтказишдаги кўмаклашиш хизмати ҳам ноқонуний ҳисобланади. Бу иш кўп ҳолларда маълум миқдордаги пул эвазига бажарилади.
Гуманитар виза турига ўтиш – бу энди эмин-эркин меҳнат қилиш мумкин бўлди дегани эмас. Бу виза фақатгина яшашга рухсат беради холос, меҳнат фаолияти эса ноқонунийлигича қолаверади.
10. Ҳар қандай виза турида доимий яшаш ҳуқуқини олиш имкони мавжуд – KIIP ва OASIS курслари
Зарарли оқибатлари талайгина бўлган гуманитар визани олиш ёки «нелегал»га чиқишга шошилманг! Бирозгина мураккаб, лекин қонуний йўллардан фойдаланган ҳолда визани нисбатан барқарор турига ўзгартириш имконияти йўқ эмас.
Бунда махсус баллик тизимдан фойдаланилади. Ушбу тизимда юқори балл олиш учун муҳим рол ўйнайдиган икки ўқув курсларида таҳсил олиш ва сертификатларга эга чиқиш тавсия этилади. Булар – корейс маданияти асосидаги корейс тили курслари (KIIP) ва Кореяда стартап қилиш хоҳишидаги чет элликларга йўл-йўриқ кўрсатиш курслари (OASIS).

OASIS курсларида Кореяда бизнес билан шуғулланиш йўллари ва виза турини ўзгартириш борасида мутахассислар томонидан қимматли маслаҳатлар берилади. Кореяда узоқроқ қолишни истаганлар учун ҳақиқатда фойдали курс. Дарслар атиги уч кун давом этади. Аммо курс якунида бериладиган сертификат иммиграция органларида жуда қадрли саналади.
Курслар мутлақо бепул бўлиб, ўқиш мобайнида ўқувчилар талабига кўра тушлик ташкил этилади. Талабаларнинг кўпчилик қисми мусулмон бўлган тақдирда, ҳалол озиқ-овқатга эҳтиёж борлиги маълум қилинса бўлгани.

KIIP – бепул корейс тили дарслари. Дарс кунларини ўз хоҳишингизга кўра танлашингиз мумкин. Одатда аксарият ўқувчилар шанба-якшанба кунлари тушликка қадар ўқишни маъқул кўради.
Ўқув курсининг 5 даражаси мавжуд бўлиб, имтиҳон асосида, билим даражасига қараб талабалар гуруҳларга ажратилади. Kiiptest.org орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Бонус тавсия: Қизлар билан муносабатда эҳтиёт бўлинг, «шингу» қилиб юборишлари мумкин!
Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, чет элликлар кореялик қизлар ёки аёллар билан ўзларини номақбул тутгани учун яхшигина жарима тўлашади. Бу хатти-ҳаракат кўпчилик учун оддий туюлиши мумкин, аммо Кореяда ундай эмас. Ҳуштак чалиш, бехосдан туртиниб кетиш, қизнинг билагидан ушлаш, машинада бўлсангиз «йўлни бўшат» маъносида сигнал бериш – буларнинг барчаси «Тегажоғлик» моддаси билан устингиздан полицияга арз қилиш учун етарли бўлади.
Элдор Воҳидов,
Kun.uz мухбири.
Агарда сиз муҳим деб ҳисоблаган, аммо мақолада ёритилмаган масалалар бўлса, изоҳларда ёзиб қолдиришингизни сўраймиз.
Рукндаги бошқа мақолалар:
- Корея кундалиги. Ўқишга жўнаб кетишнинг илк таассуротлари
- Видео: Жанубий Кореяда метро Ўзбекистондагидан қанчалик фарқли?
- «15 соатлик иш куни, корейс ошхонаси ва ўзбек шоввозлари». Корея орзусининг иккинчи томони
- Корея кундалиги: Ўзбекларнинг муҳожирликдаги ҳаёти, ватан соғинчи, ўзбекча ўргатилган корейслар ва бошқалар ҳақида
- Кореяда ҳайдовчилик гувоҳномасини атиги бир кунда олиш мумкин, лекин...
Мавзуга оид
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
19:26 / 06.05.2026
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига нисбатан ҳукмни оғирлаштирган судья ўлик ҳолда топилди
16:10 / 27.04.2026
Жанубий Корея Ўзбекистонда АТ таълими учун 14 млн доллар грант ажратади
22:00 / 17.04.2026