Ўзбекистон | 18:00 / 26.11.2019
52723
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда авиачипталар нега қўшни мамлакатлардагидан қимматлигига изоҳ берилди

Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бекташев Ўзбекистонда авиачипталар нархининг 30-40 фоизи авиакеросинга боғлиқлиги, авиаёқилғи асосан хориждан келтирилиши ва бунинг натижасида самолёт чиптаси нархи қўшни мамлакатларидагидан қимматроқлигини айтиб ўтди.

«Афсуски, Фарғона ва Бухородаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилаётган авиакеросин етарли эмас. Шу сабабли «Uzbekistan Airways» АЖ бу маҳсулотни импорт қилишга мажбур бўлмоқда. Қозоғистондаям, Россиядаям йўловчиларни ташиш, керосин билан таъминлаш бўйича давлат томонидан субсидиялаш тизими яратилган. Вазирлигимиз томонидан ушбу тизим ўрганиб чиқилиб, шу масала бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз», деган Улуғбек Бекташев Kun.uz мухбирининг нима учун Ўзбекистонда авиачипталар қўшни мамлакатлардагидан 2-3 баробар қимматлиги ҳақида берган саволига жавобан.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Тадбирда Ўзбекистонга келиб-кетадиган авиакомпаниялар учун авиакеросин бозор нархидан бир неча баробар қиммат нархда сотилиши бўйича ҳам изоҳ берилди.

«Ҳақиқатан ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК вақтида чет эл авиакомпаниялари учун авиакеросин нархи қимматроқ бўлган. Мисол тариқасида айтишим мумкин, олдинги вақтда чет эл авиакомпанияларининг самолётлари Ўзбекистонда «заправка» қилганда керосиннинг бир тоннаси 1200 доллардан сотилар эди. Бугунги кунда шунақа тизим яратилганки, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ўзи учун ўзи керосинни сотиб олмоқда. Чет эл авиакомпанияларининг самолётларига ёқилғи қуйишда импорт қилинган авиакеросин сотилмоқда. Айни пайтдаги нархга кўра, керосиннинг 1 тоннаси 890 доллар атрофидаги нархда чет авикомпанияларига сотилмоқда», дейди Улуғбек Бекташев.

Мавзуга оид