Ўзбекистон | 09:50 / 28.11.2019
6512
2 дақиқада ўқилади

МТП вакили: «Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг аксарияти суд тизими фаолиятидан норози ёки унга ишонмайди»

Фото: Халқаро пресс-клуб

27 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро Матбуот марказида тадбиркорлик йўналишидаги муаммолар ва унинг истиқболларига бағишланган Халқаро пресс-клуб сессияси бўлиб ўтди. 

Унда иштирок этган спикерлар Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар, янгиланаётган қонунчиликни таъкидлаган ҳолда, бу йўналишдаги муаммолар қайси тизимларда сақланиб қолаётганига эътибор қаратишди.

Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Миродил Абдураҳмоновга кўра, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг аксарияти суд тизими фаолиятидан норози ёки унга ишонмайди. 

«Афсуски, судларимиз фаолиятида ҳали очиқлик, шаффофлик ёки тадбиркорни қўллаб-қувватлаш деган тушунчалар тўла ишлаётгани йўқ. 

Бир мисол келтираман: яқинда Либерал демократик партия вакиллари телевидениеда чиқиш қилишди. Уларнинг айтишича, партия вакиллари тадбиркор тарафда туриб судларда иштирок этаётган экан, бир нечтасида ютиб ҳам чиқишибди. Раҳмат либералларга, лекин, суд органларига савол: биз қачонгача тадбиркорларнинг ёнини олиб, унинг тарафида туриб судларда қатнашишимиз керак? 

Ахир, судлар ва ундагиларнинг онги, дунёқараши ўзгармаса, бундай ҳолатлар давом этаверади-ку? Биз судлардан тадбиркорни ҳимоя қилишимиз керак эмас, суд тизимининг ўзи ишлаши керак-да!

Яқинда бир фермер бизга мурожаат қилди. Унинг айтишича, судга ҳужжатларни бир кун кечикиб топширгани учун, иқтисодий суд бутунлай қарши томон фойдасига қарор чиқариб берган.

Президент суд вакиллари билан учрашганда тадбиркорлар хурсанд бўлишганди, энди адолат қарор топади деб, лекин ҳалигача судлар бу ишончни оқлагани йўқ», дея Миродил Абдураҳмоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид