КНДР расмий матбуотида 28 ноябрь куни синовдан ўтказилган қуролнинг фарқига бормаган Синдзо Абэ бемаъни ва сиёсий қўғирчоқ деб аталди.

Пхеньян маълумотига кўра, аслида бу ракеталарни ишга тушириш қурилмаси синови бўлган.

Шимолий Корея баёнотида айтилишича, Япония тез орада ҳақиқий баллистик ракета нималигини билиб олади.

КХДР Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда ядровий синовлар ўтказгани ва баллистик ракеталар учиргани учун халқаро санкцияларга учаган.

КХДР раҳбари Ким Чен Ин бу санкциялар бекор қилинишини талаб этиб келмоқда, у 2018 ва 2019 йилларда АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтказган тарихий учрашувларида ушбу масалани кўтарган.

Корея яримороли денуклеаризацияси ва КХДРнинг ядровий дастури тўхтатилиши масаласи шу йил февралида Трамп ва Ким музокаралари боши берк кўчага кириб қолгач очиқ қолган.

Денгизга отиш
Ўтган пайшанба куни Жанубий Кореядаги кузатувчилар осмонда иккита объектнинг изларини қайд этишди. Тахминларга кўра, объектлар КХДР ҳудудидан Япон денгизи томон учирилган.

КХДР энг янги қуроли ва синовни шахсан Ким Чен Ин кузатиб боргани суратларини намойиш этди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ бу синовни қоралаб чиқди. «Шимолий Корея томонидан кўп сонли баллистик ракеталар учирилиши нафақат бизнинг давлатга, балки халқаро ҳамжамиятга ҳам чорловдир», - деди у.

Бир кун ўтиб, шанба куни Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги «заҳарли» жавоб қайтарди: «Айтиш мумкинки, Абэ - дунёдаги энг катта тентак ва тарихдаги энг аҳмоқ одам - у фотоҳисоботни кўргач ҳам баллистик ракета билан ракеталарни ишга тушириш қурилмасини фарқлай олмайди».

«Аммо тез орада Абэ ҳақиқий баллистик ракетани бурни остида кўради. Абэ - ҳеч кимга ўхшамаган бемаъни ва сиёсий қўғирчоқ».

«Шимолий кореяликлар сўз ўйини қилишмоқда ва Абэ ҳам худди шундай қилганди. Абэ баллистик ракеталар ҳақида эслатиб Пхеньян ҳамиша БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузишига ишора қилган», дейди Массачусетс технологик институти сиёсий фанлар профессори Випин Наранг.

Экспертнинг ҳисоблашича, икки томоннинг баёнотлари ҳам мутлақо аниқ эмас.