Бу йил Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги муаммолар ўтган йилгидан эртароқ бошланди. «Заправка»ларда ноябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб охири йўқ навбатлар пайдо бўлган. 2018 йил бундай ҳолат декабрь ойи охирида бошланган эди. Мазкур муаммо 2018 йил 31 декабрь куни қўшни Қозоғистон Республикаси орқали газ ўтказиш билан ечилганди.

 Kun.uz сайтига келаётган кўпдан-кўп мурожаатларни ўрганиш мақсадида водийнинг уч вилоятидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида бўлдик.

Энг узун навбатлар Фарғона вилоятидаги «заправка»ларда экан

Айни кунларда водий йўлларини қуюқ туман қоплаган. Ноябрь ойининг сўнгги куни эрталаб вилоятнинг Ёзёвон тумани марказидан уч километр узоқликдаги «Real gaz avto servis» шохобчасига бордик.

«Заправка»га икки километр қолганида автомобилларнинг турнақатор навбати устидан чиқдик. Узоқ вақт қаторда навбат келишини кутиб турган ҳайдовчилар ичида Тошлоқ ва Қўштепа туманларидан келганлар ҳам бор экан. Уларнинг айтишича, Тошлоқдаги «заправка»лар газдан узиб ташланган.

«Кеча Тошлоқда кун бўйи туриб газ қуйдира олмаганмиз. Бугун мана 30 километр йўл босиб Ёзёвонга келдик», дейди ҳайдовчилардан бири.

Шохобчада Марғилон шаҳридан келган ҳайдовчилар ҳам навбат кутиб туришибди.

Улардан бири Марғилонда аҳвол бундан бадтарроқлиги, газ 80 атмосфера босимига тушиб кетгани, энг ёмони, навбатда турганлар қолиб, шохобчанинг бошқа эшигидан кириб газ қуйиб чиқиб кетаётганлар ҳам бўлаётганидан шикоят қилди.