Ўзбекистон | 14:50 / 03.12.2019
54381
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Имомалини қабул қилди.

«Шавкат Мирзиёев учрашув аввалида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.

Душанбе шаҳри раиси Рустам Имомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шаҳарни бошқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, «йўл харитаси» асосида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш каби йўналишларда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ, Рустам Имомали Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашиб, томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид