«Нуробод» маҳалласида 940та хонадонда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2018 йилда маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилди. Ҳисоботга кўра, 685та уйнинг фасад қисми таъмирланди. 42та тунги ёриткичлар ўрнатилди. 15,5 км узунликдаги ичимлик суви тармоғи қурилди. 16,5 км узунликдаги электр симлари ва 6та трансформатор таъмирланди. Битта янги трансформатор ўрнатилди. 21та Газ тақсимлаш пунктлари таъмирланди. Ижтимоий соҳага тегишли бўлган 2та мактаб, 1та болалар боғчаси, 1та соғлиқни сақлаш объекти таъмирланди. 10та бозор инфратузилмаси объекти, хусусан, супермаркет, минифутбол майдончаси, ҳаммом, гўзаллик салони, миллий ширинликлар ва ҳунармандчилик цехи, этикдўзлик устахонаси, гўшт дўкони, қурилиш моллари дўкони, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси қурилди.

«Обод қишлоқ» дастури асосида бажарилган ишлар ҳисоботида 8,2 км йўллар жорий таъмирлангани кўрсатилган. Маҳалла аҳолиси сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган, чуқурчалар кўмилиб, ўнқир-чўнқирлар текисланиб, шағал тош тўшалган, аммо асфальт ётқизилмай қолиб кетган.

Бугунги кунда маҳалладаги марказий йўл нотекислиги кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда ва одамларни қийнаб қўймоқда. Бу йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситалари тезда ишдан чиқиб, таъмирталаб бўлиб қоляпти.

Йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олмоқда. Одамларнинг шикоятига кўра, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашяпти. Ҳатто ёзнинг иссиқ кунларида ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур бўлишмоқда. Акс ҳолда ҳатто тановул қилинаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўлдан ишга борадиган катталар, мактабга, боғчага қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг-тўзон туфайли кийимлар бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо – осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтиряпти.

Маҳаллада пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Натижада, одамлар чанг-тўзонда, йўлнинг қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишяпти. Айниқса, болалар йўлнинг серқатнов ва хавфли қисмидан боғчага, мактабга бораётгани ота-оналарни хавотирга соляпти.