Ўзбекистон | 10:40 / 05.12.2019
31610
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аэропортларни Россия компанияси бошқарувига беришдан бош тортиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Россиянинг «Новапорт» холдинги ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бир нечта аэропортни реконструкция қилиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Ўзбекистон ҳукумати инвесторнинг талабига биноан аэропортларни 30 йил муддатга беришга тайёр эмас, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Мамлакат расмийлари декабрь ойи бошларида Япониянинг Sumitomo Corporation ширкати билан учрашув ўтказиб, бошқа инвесторни қидиришни бошлади.

Бироқ, «Новапорт» музокаралардан чиқиб кетмади ҳамда активларга бўлган қизиқишни сақлаб қолмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, япон компаниялари ҳам қисқа муддатли концессияга рози бўлиши эҳтимолдан йироқ.

«Новапорт» ҳанузгача Ўзбекистоннинг Самарқанд, Наманган ва Урганчдаги аэропортларини бошқарувга олиш шартлари тўғрисида келиша олмаяпти. Музокаралардан хабардор нашр манбасига кўра, «Новапорт» ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилларининг сўнгги учрашуви тахминан икки ой олдин ўтказилган ҳамда фойдаланиш муддати масаласида тўхтаб қолган. «Новапорт» 30 йилдан кўпроқ вақт давомида аэропортларни бошқармоқчи, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари бунга рози бўлмаяпти.

AEON холдинги («Новапорт»ни бошқаради - таҳ.) эгаларидан бири Роман Троценконинг билдиришича, Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралардан воз кечмаган: «Аэропортларга қизиқиш сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, мамлакат расмийлари ушбу активлар билан ўзлари маъқул деб билган нарсани қилишлари мумкин».

Май ойида «Новапорт» Ўзбекистон ҳукумати билан ҳадли битимни имзолади. «Коммерсантъ» суҳбатдошлари тахминича, холдингнинг ушбу лойиҳаларда иштирок этиши МДҲда юқори даромадли сўнгги инфратузилма активларидан бири бўлган, хусусий эгаси ёки сармоядори бўлмаган Тошкент аэропорти бошқарувини қўлга киритиш учун биринчи қадамга айланиши керак эди.

Биринчи объект - 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қиладиган Самарқанд шаҳри аэропортидир. Соҳадагиларнинг фикрича, модернизация муддатлари ўта қисқа. Наманган ва Урганч аэропортларини модернизация қилишга тахминан беш йил вақт берилади.

«ВТБ Капитал» вакили Елена Сахнова Самарқанд аэропортига эҳтимолий сармоялар ҳажмини 300-500 миллион долларга баҳоламоқда. «Коммерсантъ» суҳбатдошларининг сўзларига кўра, сармоялар йирик холдинг лойиҳалари даражасида турибди, аммо аниқ миқдор ошкор этилмаяпти.

Бундан олдин, Транспорт вазирлиги вакили Ўзбекистоннинг бир грамм манфаати ҳам «Новапорт»га ўтиб кетмаслиги ҳақида айтганди.

Мавзуга оид