Ўқитувчилар, жамоат транспорти ҳайдовчилари, суд ходимлари, тиббиётчилар, авиадиспетчерлар ва бошқа кўплаб соҳалар вакиллари кўчаларга чиқишган. Полициячилар орасида ҳам намойишларга қўшилганлар бор.

Намойишчилар тутган плакатда «Қашшоқлик уруғини экканлар ғазаб ҳосилини ўради» деб ёзилган

Кўплаб мактабларда ўқиш тўхтаб қолган, жамоат транспортида узилишлар юзага келган, кўплаб шифохоналарда жуда кам сондаги ходимлар хизмат кўрсатмоқда.

Сўнгги вақтлардаги энг йириги деб ҳисобланаётган бу намойиш Макроннинг универсал пенсия тизими бўйича таклифига қўшилмаган касаба-уюшмалари билан келишилган ҳолда ташкиллаштирилган.

Касаба уюшмалари фаоллари ва намойишчилар Марселда автобус ҳаракатини тўсиб қўйишди

«Биз иқтисодиётни тўхтатиб қўйишимиз керак. Одамлар жангга отланди», дея сўл кучларнинг Force Ouvriere касаба-уюшмаси етакчиларидан бири Кристиана Грольенинг сўзларини келтирмоқда Рейтерс агентлиги.

Ҳукумат норозилик акциялари ўтказилишидан аввалдан хабардор эди ва транспорт коллапси юзага келиши ва иқтисодиётга жиддий зарар бўлмаслиги учун маълум тайёргарлик ишларини амалга оширди.

Иш ташлашлар давом этиши кутилмоқда, айрим касаба-уюшмалари раҳбарлари Макрон ўз режасидан воз кечмагунча намойишлар давом этишини маълум қилган.

Ислоҳотлар нега бу қадар норозилик келтириб чиқарди?

Францияда ўнлаб турли пенсия дастурлари мавжуд. Макрон бу тизим мураккаб ва қимматга тушади деб ҳисобламоқда. У пенсия ҳисоблашнинг ягона механизмини йўлга қўйишни истамоқда.

Эммануэль Макрон сайловолди кампанияси вақтидаёқ пенсия ислоҳотлари ўтказишни ваъда қилганди

Президентнинг режаси ҳар бир ишланган кун учун балл қўйиб бориш тизимини назарда тутади. Унга кўра, келгусида пенсия ҳажми тўпланган балларга асосланади.

Янги тизимда кўплаб касблар вакиллари, жумладан, денгизчилар, ҳуқуқшунослар ва ҳатто артистлар пенсия имтиёзларидан маҳрум бўлишади.