30 ноябрь куни Kun.uz сайтида «Қиш совуғи этни жунжиктиради, Сирдарёда эса бир оила похол устида жон сақламоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда жуда хароб ҳолдаги бетонли бинода 3 йилдан буён фарзандлари билан яшаб келаётган мирзаободлик Рўзихон Алишева ҳақида ҳикоя қилинган ва унинг оиласи учун хайрия акцияси бошланган эди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Рўзихон опа таҳририятимиз билан боғланди. Унинг айтишича, туман ҳокимлиги томонидан шу йилнинг 20 декабрига қадар берилиши ваъда қилинган уй белгиланган муддатга қолмай оила аъзоларига топширилган. Шунингдек, бир неча кун ичида хайрия акцияси орқали рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш, ҳатто кичик бир тадбиркорлик фаолиятини бошлашга ҳам етарли маблағ йиғилган.

Янги хонадонни ўз кўзимиз билан кўриш ва оила учун яратилган шароитлар билан ўқувчиларимизни ҳам таништириш ҳақидаги таклифга кўра, қаҳрамонимиз кўчиб борган янги манзилда бўлдик.

Борган манзилимиз Сирдарё вилоятининг ҳозирда катта қурилиш майдонига айланган  Ховос тумани. Бу ерда Ўзбекистон президентининг шу йил февраль ойида Сирдарёга қилган ташрифида берган топшириғи бўйича жами 100 гектар майдонда Ховос туманининг янги маркази қурилмоқда.

Қаҳрамонимизга янги марказ ҳудудида қурилган ва ҳозирда якуний жиҳозлаш ишлари давом этаётган намунали уйлардан бири топширилган.

Уй 3та хонадан иборат. Шунингдек, ошхона, ювиниш хонаси ва қўшимча биноларга эга. Бизга айтилишича, намунали уйлар қурилиши тўлиқ тугалланиши билан ҳудудда болалар учун майдонча ва маданий ҳордиқ чиқариш масканлари ҳам қурилади.

Умуман олганда, қулай имконият ва шароитга эга янги хонадон мақоламиз қаҳрамони бўлган оила аъзоларига ҳақиқий қувонч олиб келгани уларнинг юз-кўзларидан шундоқ кўриниб турибди.

 «Аввало, бир оила тақдирига бефарқ бўлмай ёрдам кўрсатган, қўллаб-қувватлаган барча яхши инсонларга миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда президентимиз ва туман раҳбарларига ҳам катта раҳмат айтаман.

Мақола чиққач орадан 3 кун ўтиб янги уйга кўчиб келдик. Кўчишимизга эса Мирзаобод ва Ховос туман ҳокимлиги мутасаддилари катта ёрдам беришди.