«Президент Мирзиёев - Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли асар ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси мувофиқлаштируви остида «Халқаро ҳаёт» нашриёти томонидан чоп этилди.

Асарда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон бугуни ва эртанги куни ҳақидаги стратегик қарашлари, унинг Марказий Осиё минтақасида ШҲТ ҳамда Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Шунингдек, Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, сўнгги уч йил ичида мамлакат ички ва ташқи сиёсатида рўй берган эътиборга сазовор ўзгаришлар ҳам хитойлик китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Бундан ташқари муаллифларнинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичда янада чуқурлаштириш бўйича концептуал ғоялари ҳам акс этган.

Китоб муаллифлари орасида тадқиқот тизимларининг халқаро рейтингида етакчи ўрин тутадиган Хитой Халқ Республикасида фаолият кўрсатувчи нуфузли таҳлилий-илмий марказлар раҳбарлари ҳамда экспертлари, жумладан, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси, Хитой ижтимоий фанлар академияси ва бошқа қатор илмий марказларнинг етакчи таҳлилчилари мавжуд.

Тақдимот маросида Хитой Халқ Республикасининг расмий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-академик доиралари, Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Пекинда аккредитациядан ўтган бир қатор дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этдилар. 

Хитой халқаро муаммолар академияси президенти Ци Чжэнхун маросимни очар экан, Ўзбекистон етакчиси мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланишидаги асосий вазифаларни белгилаб бергани ва улар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг асосини ташкил этишини таъкидлади.

«Ўзбекистонда рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар сабаби «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», «Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди» сингари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга содиқлик билан изоҳланади, – деди у. – Бундай тамойиллар давлат ва жамиятни тизимли ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон етакчиси олиб бораётган ички сиёсатнинг асосини ташкил этади.

ХХР ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев узоқ истиқболда кўзланган пухта стратегияни ишлаб чиққани хусусида тўхталар экан, ислоҳотлар Ўзбекистонни тараққиёт ва фаровонлик сари дадил етаклаб бораётганини таъкидлади. У қисқа давр оралиғида Ўзбекистон улкан муваффақиятларни қўлга киритгани, мамлакатда ҳар куни эмас, балки ҳар соатда ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, шу боис Марказий Осиёда ва умуман жаҳонда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини эътироф этди.