«Самарқанд тумани Ўрташиқ қишлоғи ҳудудида жойлашган «KOMFORT DIZAYN» алюминий маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган гўёки ўзбек-турк қўшма корхонаси МИБ томонидан муҳрлаб ташланган.

 

Қўшма корхона раҳбари Беҳбуд Усмоновнинг «Озодлик» радиосига айтишича, корхонанинг ижарага олган биноси Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказган тендер асосида бошқа бир корхонага бериб юборилган.

Қўшма корхона 40 кишини иш билан таъминлаган ва 2017 йилдан буён 17 турдаги алюминий профили ишлаб чиқарган», — бу «Озодлик» радиоси Самарқанд туманида рўй бераётган воқеа юзасидан ёзганларидан парча.

Бу корхона ҳақида Kun.uz’да журналист Анвар Мустафоқуловнинг мақоласи ҳам эълон қилинган эди.

Шундан сўнг корхона бошлиғи Беҳбуд Усмонов президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, қўшма корхонани сақлаб қолишда амалий ёрдам сўраган. Корхонанинг туркиялик таъсисчиси Иброҳим Эргин ҳам шундай мазмундаги мурожаат билан чиққан. Видеомурожаатда улар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларини амалда ишлаб турган заводни «ўзбошимчалик» билан беркитиб қўяётганликда айблади.

Уларга кўра, маҳаллий расмийлар ўз амаллари билан янги иш ўринлари яратиш ва сармоялар киритишга қаратилган президент сиёсатига қарши чиқмоқда.

Беҳбуд Усмоновнинг айтишича, 2018 йил март ойида Самарқанд вилоят ҳокимлиги уларга ижара шартномаси бекор қилинганини билдириб, бинони бўшатиб қўйишни талаб қилади.

Хўш, воқеа аслида қандай бўлган? Чиндан ҳам «KOMFORT DIZAYN» ўзбек-турк қўшма корхонаси эдими? Тендер нима учун ўтказилган? Нега 40 киши ишлаб турган корхона биноси тендерга чиқарилган? Нима учун МИБ корхонани муҳрлаб қўйди?

Келинг, масалага Беҳбуд Усмоновнинг кўзи билан эмас, бетараф бўлиб қарайлик. Мен бу масалани узоқ суриштирдим, судларда иштирок этдим ва ўргандим.

Аввало, олдинга ўтиб шуни айтишим керакки, тендерга чиқарилган чоғда 2018 йилнинг май ойига қадар «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ қўшма корхона бўлмаган.