Ўзбекистон | 12:21 / 13.12.2019
9438
2 дақиқада ўқилади

Дэниел Розенблюм: «Ўзбекистондаги сайловга асосан ЕХҲТнинг хулосасига қараб баҳо берамиз»

АҚШнинг Ўзбекистондаги сайловларга берадиган баҳоси кўп жиҳатдан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчиларининг хулосасига боғлиқ бўлади.

Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм 11 декабрь куни Тошкентда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган учрашувдан сўнг айтиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг: «Сайловолди жараёнларини қандай баҳолайсиз, уни кузатдингизми?» деган саволига америкалик элчи қуйидагича жавоб берди.

«Очиғи, партияларнинг плакатларига кўзим тушганини айтмаганда, сайловолди жараёнини шахсан ўзим кузатмадим. Шунинг учун бу ҳақда бирор нарса дея олмайман.

ЕХҲТдан келган кузатувчилар иш олиб боришяпти. Бир неча ҳафтадан буён шу ерда бўлиб турган узоқ муддатли кузатувчилар билан бирга, фақатгина сайлов учун келадиган қисқа муддатли кузатувчилар ҳам бор. Қўшма Штатлар одатда, шу жумладан бу гал ҳам, ЕХҲТ кузатувчиларининг хулосаларига катта эътибор қаратади. Бизнинг сайловга берадиган баҳомиз кўп жиҳатдан ЕХҲТнинг хулосасига асосланади», – деди Дэниел Розенблюм.

Элчи жорий сайловнинг аҳамияти ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди.

«Халқаро жамоатчилик, шу жумладан АҚШ ҳам Ўзбекистондаги сайловларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар бизда қизиқиш уйғотмоқда. У парламентнинг роли кучли бўлиши кераклиги, ижро ҳокимиятини назорат қилиши лозимлигини бот-бот такрорламоқда. Айни шу вазифани янги таркибдаги парламентда кимлар бажаришини жорий сайловлар кўрсатиб беради», – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун сайлов 22 декабрда бўлиб ўтади. Жараён 600дан кўпроқ халқаро кузатувчи гувоҳлигида ўтиши кутиляпти.

Мавзуга оид