Қиз ўзи ясаган “пойабзал” билан 3 олтин медални қўлга киритди
Филиппинлик ёш спортчи халқаро мусобақаларда югуриш бўйича 3 та олдин медални қўлга киритди. Бироқ у матбуот эътиборини ютуқлари билан эмас, балки мусобақаларда спорт пойабзали бўлмагани сабабли ялангоёқ иштирок этишга тўғри келгани, аммо бу ҳолатдан чиқиб кетгани билан жалб қилди. Бу ҳақда Medialeaks нашри хабар берди.
Рея Буллос исмли қиз ўсмирлар орасида енгил атлетика бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этиб, югуриш йўлакчасидаги ғалабалари билан ҳаммани лол қолдирди. Қиз юзлаб рақибларини доғда қолдириб, уйига 400, 800 метрга ва 1,5 кмга югуришда қўлга киритган 3 та олтин медал билан қайтди.
Бироқ ўқувчи қиз интернет ва ОАВ эътиборини ғалабалари билан эмас, балки мусобақаларда иштирок этган “пойабзали” билан тортган.
Кўринишича, қизнинг ота-онасида унга кроссовка сотиб олишга ортиқча пул бўлмаган. Бироқ бу ёш спортчига тўсқинлик қила олмаган. У зукколик кўрсатиб, вазиятдан чиқишнинг йўлини топган, яъни оёғи тагини оддий тиббий пластир билан ўраб олиб, шу алфозда мусобақаларда иштирок этган.
Рея ҳаттоки пластир устига Nike компаниясининг рамзи ва номини ёзиб қўйган. 9 декабрда мусобақаларнинг бошқа иштирокчиси Реянинг воқеаси билан Facebook’да бўлишгач, хабар тезда оммалашиб, минглаб лайклар тўплаган. Фойдаланувчилар қизнинг тиришқоқлигига ҳайрат билдириб, унга ўз ёрдамларини таклиф қилишган.