Ўзбекистон | 12:34 / 18.12.2019
41226
3 дақиқада ўқилади

Ниғматулла Йўлдошев: «Аввалги раҳбарият фаолиятига баҳо бериш жуда оғир»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтди.

«Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови» мавзусидаги тадбирда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий тамойилига риоя этилишини таъминлаш, суд-тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, адвокатнинг далиллар тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқини кенгайтириш, уларнинг кафолатларини таъминлаш, жиноий ва жиноий-процессуал қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, иқтисодий жиноятлар соҳасидаги нормаларни эркинлаштириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев прокуратура органларидаги вазиятга тўхталиб ўтди:

«Аввалги раҳбарият фаолиятига танқидий баҳо бериш жуда оғир, прокуратура ходимлари, айниқса, собиқ раҳбарлар томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари прокуратура органларида ишлаётган ҳалол ходимлар руҳиятига салбий таъсир қилган. Халқнинг бизга бўлган муносабатига жуда жиддий зиён етказди. Биз халқчил прокуратурани яратишимиз керак».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойи охирларида Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Отабек Муродов қамоққа олингани маълум бўлди.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига бош прокурор бўлганди. 2019 йилнинг 20 июнида у лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди.

Бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди.

2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этди, сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Рашид Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Рашид Қодировнинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаган. 2019 йил баҳорида унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича жиноят иши очилгани маълум бўлди. 27 сентябрь куни Ихтиёр Абдуллаев 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.

Мавзуга оид