Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон-Латвия: илм-фан ва таълим тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолаш масаласи тезлаштирилади
2019 йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистоннинг Рига шаҳридаги элчиси Қадамбой Султонов Латвия таълим ва илм-фан вазири Илга Шуплинска билан учрашди.
Суҳбат чоғида таълим соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари, жумладан муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, талабалар алмашинувлари сифатини ошириш, ОТМлараро шерикчилик йўналиши бўйича алоқаларни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Илга Шуплинска Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини ижобий баҳолади. Латвия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бўйича Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллаши алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ёшлари учун ҳам очиқ бўлган Европа иттифоқининг Erasmus+ таълим грантлари дастури қамровини янада кенгайтириш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Латвия томонига мамлакатда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни тўғрисида маълумот берилди. Апрель ойида қабул қилинган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.
Музокаралар якунида Илм-фан ва таълим тўғрисида Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро битимини имзолаш масаласини тезлаштириш, Erasmus+ доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари тўғрисида маълумот алмашиш юзасидан келишувга эришилди.