10:21 / 23.12.2019
0
5504

Ўзбекистон бўйича чакана савдо товар айланмаси маълум қилинди

Республика бўйича жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида чакана савдо товар айланмаси 144,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 фоизга ўсди. 

Давстатқўм хабарига кўра, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 23,4 трлн сўмни (ўсиш суръати 30,7 фоиз), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 121,1 трлн сўмни (ўсиш суръати 3,8 фоиз), шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 14,5 трлн сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,7 фоизга камайган) ташкил этди.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида чакана савдо товар айланмаси ҳажми 7,3 фоиз ўсиш суръати билан 144,6 трлн сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,6 трлн сўмга ошган) ташкил этди ва ўтган даврлар билан солиштирилганда ўзининг энг юқори кўрсаткичига эришди. Жорий йил I чорагининг ўсиш суръати - 5,9 фоиз билан солиштирилганда, 1,4 фоиз пунктга ошди. 

2018 йилнинг шу даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасининг ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Хоразм, Жиззах, Сурхондарё, Наманган, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди. 

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,7 фоизга ўсди ва 23,4 трлн сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 16,2 фоиз улушига тўғри келади. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 121,1 трлн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг январь-ноябрь ойига нисбатан 3,8 фоизга ўсди. Республика миқёсида ушбу секторнинг жами чакана савдо товар айланмасидаги улуши 83,8 фоизга тенг келмоқда. 

Таҳлилий натижаларга кўра, чакана савдо товар айланмасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши бўйича Қашқадарё (96,6 фоиз), Сирдарё (94,6 фоиз), Тошкент (90,5 фоиз), Навоий (87,8 фоиз) ва Наманган (87,5 фоиз) вилоятлари етакчилик қилмоқда. Чакана товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг улуши 16,2 фоизни ташкил этиб, энг катта улуш Тошкент шаҳрида (29,2 фоиз), Хоразм (25,5 фоиз) ва Бухоро вилоятларида (14,2 фоиз) кузатилган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top