Сенат раиси Танзила Норбоева айрим ҳокимлар биноларни байрамга мўлжаллаб топширишга ҳаракат қилиши, натижада белгиланган меъёрий қоидалар назардан четда қолишини танқид қилди.

«Ҳозир ҳокимлар ўртасида роса авж олган ─ биноларни кимўзарга қуриб, байрамларга етказиб топширишга ҳаракат қилишяпти. Лекин аниқ белгиланган санитария нормалари мавжуд. Улар билан биров ҳисоблашяптими?

Санитария талабларига мос бўлмаса ҳам фойдаланишга топшириб юборишади. Керакли мутахассис кўригидан ўтган-ўтмагани бўйича ҳеч қандай норматив ҳам йўқ», ─ деди Танзила Норбоева Сенат кенгашининг 24 декабрдаги мажлисида.

Мажлисда чиқиш қилган Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, озиқ-овқат тайёрлаш учун мўлжаллаб қурилмаган ва кейинчалик шу мақсадда фойдаланиш учун мослаштирилган бинолар – овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатларининг сабабларидан бири саналади.