Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида тез тиббий хизмат ходимига тажовуз қилинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 декабрь куни соат 15:40да шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ бўлиб, ёрдам сўраб мурожаат қилинган. Чақирилган манзилга етиб келган тез ёрдам ходимлари соат 15:45да белгиланган тартибда бемор болани кўздан кечирган. Бироқ маст ҳолда бўлган ота хизмат вазифасини бажараётган шифокор Б.К.ни ҳақоратлаб, унга тан жароҳати етказган.

«Шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати шифокорларига беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз ва таҳдид қилиш билан боғлиқ хабарлар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларининг бош мавзусига айланиб улгурди.

Бундай қонунбузарликларга етарлича чора кўрилмаётгани, шифокорларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмаётгани тўғрисида журналистлар ва блогерлар кўплаб мақолалар чоп этганди.

Мисолларга мурожаат этгудек бўлсак, 2017-2019 йиллар мобайнида биргина шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими шифокорларига беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан 266 маротаба зўравонлик қилиш, тан жароҳати етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилди. 

Бундан 340 нафардан кўпроқ тиббиёт ходимлари жабр кўрди. Ушбу вазиятда бор-йўғи 40та ҳолатда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан жазо чораси қўлланилди. 

109та ҳолатда эса яраштирув билан иш тугалланди. 128та ҳолатда шифокорларга таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо кўриш масаласи ҳал этилмай қолиб кетди.

Бироқ, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан шундай ҳолат рўй берса-чи, айбдор қонун олдида қатъий жавоб беради.

Вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан қилинган шундай тажовуз, ҳуқуқ тартибот идораси ходимларига қилинган тажовуздан енгил ҳисобланади.

Мисол учун ижтимоий тармоқларда хабар қилинган маълумотлар асосида айтадиган бўлсак, яқинда Бухорода йўл патрул хизмати инспекторининг кўкрак нишони, радиоалоқа воситаси ва жезл таёғини тортиб олган фуқаро 10 ойга қамалди. 

Бундан бир муддат олдин Навоийда тез тиббий ёрдам шифокорини ҳақоратлаб, таҳқирлаган шахсга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли идораларга мурожаат қилингандан сўнггина 15 сутка қамоқ ва озгина жарима қўлланилди. Натижада жавобгар осонгина қутилиб кетди. Ана сизга жумбоқ.

Аммо, лекин бундай ҳолат эса соғлиқни сақлаш тизимида ҳамон учраб турибди. Сирдарёда бўлган вазиятга тўхталсак.