“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ) билан ишлаш механизми Вазирлар Маҳкамасининг 5.12.2019 йилдаги 971-сон қарорида тақдим этилган.
 
Norma’нинг ёзишича, президентнинг 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини, шунингдек амалдагиларига ўзгартириш киритиш ва тугатишни ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилади.  Ишлаётган ходимларнинг меҳнат шартномаларини 2020 йил 1 сентябрга қадар ЯММТда рўйхатдан ўтказиш лозим. Бундан ташқари, 1.01.2020 йилдан бошлаб электрон меҳнат дафтарчаси жорий этилади. У меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва уларга маълумотлар киритишда ЯММТда автоматик тарзда шаклланади.
 
Меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча иш берувчилар, шу жумладан алоҳида таркибий тузилмалар, хусусий корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мажбурийдир. 
 
ЯММТни бошқариш дирекцияси тизимнинг оператори ҳисобланади. У тизимнинг ишлашини, ундан фойдаланишни таъминлайди, шунингдек ташкилий-техник жиҳатларини тартибга солади.
 
Тизимда ишни нимадан бошлаш керак? Қуйида қабул қилинган ҳужжатга асосан ҳаракатларнинг босқичма-босқич алгоритми тақдим этилган. Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси вакиллари билан учрашув чоғида алоҳида тушунтиришлар олинди.
 
I босқич. ЯММТда авторизация
 
Бунинг учун my.mehnat.uz электрон манзили бўйича ўтиш ва «Электрон ҳукумат» тизими юридик шахслар маълумотлар базасида СТИР бўйича идентификациядан ўтиш лозим. Хатолар бўлмаган тақдирда иш берувчи авторизация қилинади. Агар унда ЯММТда мустақил равишда авторизация қилиш имконияти бўлмаса, буни меҳнат органларида бепул амалга ошириш мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам маълумотлар иш берувчининг ЭРИ билан тасдиқланади.
 
II босқич. Иш берувчининг шахсий кабинетини шакллантириш
 
Авторизациядан сўнг иш берувчининг шахсий кабинети автоматик тарзда шаклланади. Унга кириш - фақат юридик шахснинг ЭРИ калити орқали. ЯММТ билан ишлаш учун иш берувчи (ЯТТдан ташқари) ўзининг ёзма қарори билан тизимга кирадиган битта ёки бир нечта жавобгар шахсларни белгилайди ва уларга ЭРИнинг очиқ калитларини топширади.