22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди. Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғидаги 29-округнинг 432-сайлов участкасида кузатувчи сифатида қатнашган, Урганч тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеп томонидан номзоди қўйилган Алишер Қаландаровнинг вакили Қувонч Шержанова шикоятига кўра, сайлов қонунчилиги қўпол тарзда бузилган.
«432-участкадаги сайловдан кейин овозларни санаш жараёнини кузатиб турдим. Унинг натижаларини қоғозга ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Аммо видеога олишга рухсат беришмади, «мумкин эмас» деб айтишди. ЎзЛиДеп вакили Алишер Қаландаровга 840та овоз берилди. ХДП томонидан номзодини қўйган, Урганч тумани ҳокими ўринбосари Барно Бердиева 311та овоз олди», - деди Шержанова.

Бироқ Шержанованинг сўзларига кўра, 432-участкадаги овозларни санаш жараёни натижалари шу жойнинг ўзида зудлик билан баённомага киритилмаган ва кузатувчиларга берилмаган.
«Участка сайлов комиссияси раиси Куранмурат Матразов бизга баённоманинг бир нусхасини бермади. «Эртага оласизлар», деди. Шундан сўнг, кузатувчиларни сайлов участкасидан чиқариб юборишди. Бироқ эртаси куни ҳам баённомани ололмадик. Куранмурат Матразов: «Менга баённомани ҳеч кимга бермаслик тўғрисида туман комиссияси раиси Бахтиёр Бекчановдан топшириқ бўлди», деди».

Шундан сўнг, Бахтиёр Бекчанов олдига бориб, баённомани сўраганимда «10 кундан кейин оласизлар», деди. 23 декабрь куни бу ҳақда Урганч тумани прокуратурасига шикоят қилдим. Шу куни соат 21:00да мени прокуратурага чақиришди. Борсам, Бахтиёр Бекчанов «ҳозиргина тўлдирилди», деб баённомани олиб келган экан. Шунда ундаги рақамлар умуман ўзгарганини, Алишер Қаландаровга берилган овозлар сони 540та бўлиб қолганини, Урганч тумани ҳокими ўринбосари Барно Бердиева энг кўп, 1159та овоз олган деб кўрсатилганини кўрдим. Демак, Қаландаровдан 300та овоз олиб ташланган, Бердиевага эса 848та овоз қўшилган бўлиб чиқмоқда», - деди Шержанова.

432-участкадаги сайлов комиссияси аъзоси Ҳожи Бобожонов овозларни санаш жараёнида Алишер Қаландаров энг кўп – 840та овоз тўплаганини тасдиқлади.
«432-участкада сайлов комиссияси аъзоси сифатида иштирок этдим. Партия вакиллари ҳам жараённи кузатиб ўтиришди, натижаларни қоғозга ёзиб олишди. Телефон орқали видеога олишмоқчи бўлганида, уларга рухсат берилмади, «мумкин эмас» деб айтилди. Энг кўп овоз олган номзод ким бўлди? Алишер Қаландаров – 840та овоз олди. Санашда ўзим ҳам иштирок этдим», - деди Бобожонов.


















