Қуйида ёшга доир табиий ўзгаришларни кўз касалликларидан фарқлаш ва муаммони вақтида аниқлаш ҳақида сўз юритилади.

Кўриш муаммоларининг аломатлари

Кўз яллиғланиши

  • Кўз қизаради ва қичишади, қовоқ соҳасида шиш кузатилади. Кўздан оқмалар оқади, қуриганда қотиб қолади.

Аксарият одамларда ушбу аломат конъюнктивитдан дарак беради — қовоқ ва кўз усти пардасининг аллергия ва инфекция (бактериал ёки вирусли) билан боғлиқ яллиғланиши. Конъюнктивитда яхшилаб ювиниш, ёстиқ жилди ва сочиқни алмаштириш ҳамда бир кунга контакт линза, тушдан воз кечиш етарли. Аломатлар ва ёқимсиз ҳислар 24 соат ичида ўтиб кетиши керак. Агар ўтиб кетмаса, шифокорга мурожаат қилинг.

Агар конъюнктивит белгиларига нурга нисбатан таъсирчанлик, кўзда сузиб юрувчи қора доғлар, кўз олдида туман ва кўришнинг сусайиши қўшилса, сизда увеит касаллиги бор деса бўлади — кўз томир пардаси яллиғланиши. Бу конъюнктивитга нисбатан жиддий ҳолат, шунинг учун ҳам шифокор қабулини кечиктириш мумкин эмас.

Кўз ичи томирлари билан боғлиқ муаммолар

  • Кўзлар олдида «кўр доғ» (кўзнинг ёруғликни сезмайдиган қисми), сузувчи доғлар, иплар ёки чақмоқлар пайдо бўлади;
  • кўриш кун давомида ўзгариб туради — бир яхшиланади, бир ёмонлашади, кескин пасаяди ёки бутунлай йўқолади; 
  • рангларни ажрата олиш қобилияти пасаяди. 

Кўзни қон билан таъминлайдиган томирлар азият чекиши мумкин, масалан, 1 ёки 2-тоифа диабет сабабли — бу диабетик ретинопатия деб аталади. Агар аломатлар эътиборга олинмаса ва ўз вақтида офтальмологга мурожаат қилинмаса, кўриш қобилиятини йўқотиш хавфи мавжуд. 

Оптик асаб муаммоси

  • «Туннелсифат кўриш» — бу кўриш майдонининг марказидаги объектлар аниқ, ёндаги нарсалар эса суст кўринувчи эффект. Ўнг ёки чапда нима борлигини кўриш учун бошни буришга тўғри келади;
  • кўз олди туманлашиши кўнгил айниши ва бош оғриғи билан бир вақтда пайдо бўлади; 
  • агар оловга, масалан, кўча чироқларига қараганда, уларнинг атрофида ореоллар (ёруғ доира) пайдо бўлади.

Оптик асаб билан боғлиқ муаммолар кўпинча 60 ёшдан ошган инсонларда кузатилади ва ҳаддан ташқари баланд кўз ичи босими билан боғлиқ бўлиши мумкин — бу глаукома деб аталади. Ёшларда оптик асаб жароҳати, инфекциялар ёки тарқоқ склероз каби аутоиммун касалликлар туфайли азоб чекиши мумкин. Ўз вақтида кўрилмаган чоралар ва шифокор билан маслаҳатлашмаслик оқибатида, глаукома туфайли кўзни йўқотиш мумкин.