22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди. Шовот тумани, «Ипакчи» маҳалласидаги 16-округнинг 400-сайлов участкасида кузатувчи сифатида қатнашган, Шовот тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеП томонидан номзоди қўйилган Мақсудбек Мадраҳимовнинг вакили Қаҳрамон Жуманазаров сайлов қонунчилиги қўпол тарзда бузилгани тўғрисида шикоят қилди.

«400-участкадаги сайловда Мақсудбек Мадрахимовнинг вакили ва кузатувчи сифатида қатнашдим. Овозларни санаш жараёни натижаларини ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Мақсудбек Мадрахимов 960та, Азизбек Худайберганов 455та, Шихназар Турсунов 469та, Элёр Жуманиёзов 133та, Дилмурод Бобожонов 97та овоз олди. 134та бюллетень яроқсиз деб топилди, 19таси бўш қолдирилган эди. Аммо бу кўрсаткичлар баённомага туширилмади ва бизга бир нусхаси берилмади. Бир неча кундан бери баённомани ололмаяпмиз. Натижаларга кўра, Мақсудбек Мадрахимов энг кўп овоз тўплаган эди. Аммо сайловдан кейин Шихназар Турсунов депутат бўлганини эшитдик», - дейди у.

400-участкадаги овозларни санаш жараёни натижалари шу жойнинг ўзида зудлик билан баённомага киритилиши ва кузатувчиларга бир нусхаси берилиши керак эди. Бундай бўлмаганини яна бир кузатувчи Озод Абдукаримов ҳам тасдиқлади.

«400-сайлов участкасида Жуманазар Машариповнинг вакили ва кузатувчи сифатида иштирок этдим. Овозларни санаш жараёнида ҳам бор эдим. Аммо натижалар баённомага туширилмади ва бизга берилмади. Сайлов тугаганига 4 кун бўлса-да, ҳануз баённомани олмадик», дейди Абдукаримов.

400-участка жойлашган 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида сайлов комиссияси раиси, шу мактаб директори Дилшод Тажиев билан учрашдик. Аммо у ОАВ мухбири гувоҳномасини кўргач ва қайси масалада мурожаат қилаётганимизни билгач, изоҳ беришдан бош тортди ҳамда хонасидан чиқиб кетди. Кейинчалик телефонини ҳам ўчириб қўйди ва алоқага чиқмади.

16-округ сайлов комиссияси раиси Янгибой Тўраевдан бу ҳолат бўйича изоҳ сўрадик. У 400-участкадаги сайлов натижалари баённомаси борлиги, аммо ўзида сақланиб туриши керак бўлган нусхасини Дилшод Тажиевга берганини, айни пайтда баённома нусхасига эга эмаслигини айтди.

Шундан сўнг, Шовот тумани сайлов комиссияси раиси Музаффар Эржанов билан учрашиб, 400-участкадаги сайлов натижалари баённомасини олишга муваффақ бўлдик. Унда Мақсудбек Мадраҳимов энг кўп – 1401та овоз тўплагани қайд этилган эди.