Ўзбекистон | 13:43 / 29.12.2019
24776
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида вазир ўринбосари иштирокидаги йиғилишда 9 нафар ички ишлар ходими ишдан олинди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

28 декабрь куни Тошкент вилоятида Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳатамов иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

ИИББ ахборот хизмати хабар қилишича, йиғилиш вилоят ИИБда Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида, Бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда вилоятнинг 22 та шаҳар-туманларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш» масаласида ўтказилди.

— Жамиятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи ҳуқуқбузарлик содир этса, буни қандай тушуниш мумкин? — деди Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Ҳатамов. — Энди бундай масъулиятсизлик билан ишлаб бўлмайди. Ўз хизмат вазифасига лоқайд бўлиб ишлагандан кўра бўш турсин ўша иш ўрни. Лекин юртига, халқига хиёнаткор, хизмат вазифасига совуққон ходимга бизнинг сафимизда ўрин йўқ.

Йиғилишда бошқарманинг йиллик натижалари танқидий руҳда таҳлил этилди. 3 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан, 6 нафари эгаллаб турган лавозимидан расман озод этилди. 6 кишига ҳайфсан, 5 ходимга танбеҳ, 2 нафарига қаттиқ ҳайфсан интизомий жазолари эълон қилинди.

27 нафар ходимнинг фаолияти муҳокама қилиниб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. 37 нафар ходим эса огоҳлантирилди.

Шунингдек, хизмат фаолияти билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 30 нафардан ортиқ ходим рағбатлантирилди.

–Келтириб ўтилган хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик. Келгусида мазкур ҳолатларнинг барчаси бартараф этилиб, Ички ишлар органлари ривожи ва ижобий имижини шаклланишида Тошкент вилояти ИИББ ижобий натижалар билан барчага намуна бўлишига ваъда бераман, — деди сўзга чиққан бош бошқарма бошлиғи полковник Тоҳир Арипов.

Йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли хулосалар чиқарилиб, ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид