Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (Financial Action Task Force on Money Laundering — FATF) 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюради ва баҳолаш ўтказади. Бу ҳақда 30 декабрь куни Бош прокурор ўринбосари раислик қилувчи Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияси йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда комиссия таркибига киритилган республикамизнинг 20дан ортиқ вазирлик ва идораларининг раҳбар ходимлари ҳамда эксперт гуруҳи вакиллари иштирок этишди.
«Асосий мақсадимиз шу тизимдаги барча муаммоларни бартараф этиб, айниқса, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу асосда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини янада ривожлантиришимиз керак. Миллий тизимимиз бор, шуни ривожлантиришимиз, мустаҳкамлашимиз ва бу бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Комиссия ҳузурида эксперт гуруҳи ҳам тузилган, ушбу гуруҳ соҳадаги хавфларни баҳолаш миллий тизимини лойиҳа тарзида ишлаб чиқишди.
FATF ташкилоти Ўзбекистонга бир қатор тавсиялар берган ва шу тавсиялардаги талабларни ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаласи ҳам юклатилган», дея комиссия раиси, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг сўзлари келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни баҳолаш бўйича ишларни самарали ташкил этиш, мазкур соҳадаги миллий тизимни янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга оид чораларни кўриш ва таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг тавсияларини ва ушбу соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонунчиликка татбиқ қилишни таъминлаш мазкур комиссиянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Светлана Ортиқова соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғрилаш, таҳлил қилиш ва ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.















