Виктория штатидаги Маллакутта шаҳри аҳолисининг айтишича (бу шаҳарчада 4 минг киши яшайди), уларнинг уйлари томон ёнаётган кўмирлар учиб келмоқда. Одамлар ваҳимага тушиб, пристанларга чопишмоқда ва оловли осмон остидаги қайиқларга чиқишмоқда.

Ёнғинлар туфайли Сидней ва Мельбурн орасидаги бир неча машҳур курортлар ёпилган. Виктория ва Янги Жанубий Уэльс штатларида ўнлаб ёнғин ўчоқлари мавжудлиги ҳисоблаб чиқилган. Бу тахминан 500 километр узунликдаги майдон деганидир.

Ёнғин сешанба куни Янги Жанубий Уэльсдаги Корбарго шаҳрини ҳам қамраб ола бошлади. Хабар қилишларича, бу шаҳарда икки киши ҳалок бўлган ва беш киши бедарак йўқолган.

Виктория штати бош вазири Дэниэл Эндрюс ёнғиндан азият чеккан ҳудудларга ҳарбий кемалар орқали озиқ-овқат ва сув етказилишини маълум қилган.

Эндрюснинг сўзларига кўра, ҳудуддаги асосий шоссе ёпилган, айрим ҳудудларга фақат денгиз орқали бориш мумкин бўлиб қолган. Ҳукумат одамларни ёнғин ҳудудларидан мустақил чиқишга уринмасликка чақириб, бунинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда.

Юқори ҳарорат ва қуруқ шамол туфайли ёнғин жуда тез тарқалмоқда.

Янги Жанубий Уэльсдаги Бермагуи ва Бэйтманс-Бэй курорт шаҳарлари аҳолиси ҳам ёнғиндан сақланиш учун денгиз томон чопмоқда.

Бэйтманс-Бэй аҳолиси оловдан қочиб соҳилга жойлашган / ALASTAIR PRIOR

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Би-би-сига хабар қилишича, ёнғин яқинлашиб, пляжни кул тўлдира бошлаганида улар ўзларини кўмирга беланган ҳис қилишмоқда.

«Бу жуда қўрқинчли. Осмон оловранг, ҳаммаёқда кул учиб юрибди», - дейди Бэйтманс-Бэйда яшовчи Зое Симмонс.

Маллакута шаҳридаги айрим кишилар эрталабки соат 8да сирена овозини эшитгач, ўз уйларига қамалиб олишмоқда. «Ҳозир кундузги вақт, лекин ҳаммаёқ тун каби қора, бизга оловнинг овози эшитилади. Биз барчамиз ҳаётимиз учун қўрқамиз», дейди маҳаллий тадбиркор Дэвид Жеффри.

«У ерда тошдан қурилган тўғон бор, олов ҳужум қилаверса, биз ўша ерга бориб денгизга сакрамоқчимиз», дея давом этади у.

«Зим-зимистон»
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, олов шаҳардаги бир неча уйни кунпаякун қилган, аммо шамол ҳаракати ва сув кўтарилиши оқибатида чекинган.