Олий Мажлис Сенатининг учинчи чақириқдаги таркиби ваколатларини топшириш арафасида. Шу муносабат билан Kun.uz қатор сенаторлар билан интервьюлар ташкил этишни режалаштирган.

Биринчи суҳбатдошимиз – Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов бўлди. Сенатор суҳбат давомида коррупция, судлар мустақиллиги, сайловлар ва бошқа масалалардаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– 2019 йил ҳам якунига етди. Ортда қолган йилдан, Сенатдаги фаолиятингиздан хулосаларингиз қандай?

– Ассалому алайкум. Кўпчилик бир нарсадан ҳайрон бўлади – турли хил қонунлар, фармонлар, қарорлар, фармойишлар нега бунча кўп қабул қилинмоқда? Гап шундаки, биз жуда шиддатли ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Сўнгги 3 йилда бирор соҳа қолмадики, қонунчилиги ўзгармаган бўлса. Бир йўналиш йўқки, катта ишлар амалга оширилмаса. Бу жараёнда албатта самарали қонун ва қарорларга эҳтиёж сезилади. Биргина бизнинг қўмитамизнинг ўзигина ўтган давр давомида 72та қонун ҳужжатини муҳокамадан ўтказди. Бу жуда жиддий ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараён.

– Қўмитангиз анча мураккаб соҳани қамраб олади – Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси. Айтингчи, халқимиз қачон коррупция жиловланганини ҳис қилади?

– Бир фактга эътиборингизни қаратмоқчиман – 2017 йилга қадар бизда коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона қонуннинг ўзи бўлмаган. Турли хил тарқоқ қонун ҳужжатлари ва нормаларни қўллаб юрганмиз. Президентимиз ўз фаолиятини бошлаган дастлабки кунлардаёқ бу масалага жиддий эътибор қаратди. Ҳозирги кунда алоҳида қонун, қарор ва фармонга эгамиз. Кўпчилик нега қарор қабул қилингани ортидан яна айни шу йўналишда фармон ҳам қабул қилинди, деб сўрайди. Айтиш керакки, фармон қабул қилиниши масаланинг ғоявий аҳамиятини англатади. Бу балога қарши курашга нақадар жиддий киришилганини билдиради.

Яна бир масала бор. Коррупцияга қарши курашда аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда тартиб-интизом бўлиши керак. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда тартиб-интизом кучли бўлса, бошқа идоралар қўрқади. Афсуски, бизнинг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳокимият органлари билан шундай боғланиб кетган. Аслида буларнинг ҳаммаси мустақил идора бўлиши керак.