2019 йилнинг декабрь ойида Kun.uz сайтида «Афросиёб қурилиш инвест» МЧЖга қарашли қайроқтош майдалаш цехида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаган ва иш вақтида тош майдалаш ускунасига кириб кетиб, бутун умрга фалаж бўлиб қолган самарқандлик Алимардон Турсуновнинг аянчли тақдири ҳақида материал эълон қилинган эди.

Минг афсуски, узоқ вақт давом этган хасталикдан сўнг Алимардон Турсунов 2019 йил 28 декабрь куни бу дунёни тарк этди.

А.Турсуновнинг яқинлари томонидан меҳнатда майиб бўлгани муносабати билан тўланадиган тўловларни ва тиббий муолажалар учун сарфланган моддий зарарни ундириш талаби билан киритилган даъво ариза фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судида кўриб чиқилиб, қаноатлантиришдан рад этилган. Суд эса ўз қарорини А.Турсунов корхонада норасмий равишда меҳнат фаолият олиб боргани билан асослаган.

А.Турсуновнинг онаси томонидан киритилган шикоят аризасига асосан мазкур масала Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида кўриб чиқилмоқда. Самарқанд вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси эса судда А.Турсуновнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Kun.uz’да мавжуд маълумотларга кўра, марҳумнинг қарамоғида у бахтсиз ҳодисага учрагунга қадар бир нафар вояга етмаган фарзанди, турмуш ўртоғи ва онаси бўлган.  

Меҳнат ҳуқуқлари тўла таъминланмагани ва оддийгина меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари билан таништирилмагани оқибатида юз берган фожиа сабаб ёш умри хазон бўлган Алимардоннинг тақдири мамлакатдаги шу каби ишчиларнинг ҳуқуқлари қай даражада ҳимоясиз қолаётгани ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди.

Бугунги кунда республикадаги турли соҳаларда, айниқса хусусий сектордаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат шартномаси тузмасдан, оғзаки келишув билан меҳнат қилаётганларнинг сон-саноғи бўлмаса керак. Бу эса иш берувчиларнинг ишчилар устидан мутлақ ҳукмронлик қилишига, уларнинг ҳуқуқларини поймол этишига замин яратиб бермоқда.

Хўш, меҳнат шартномаси тузилмагани ишчи барча ҳуқуқлардан мосуво эканлигини англатадими?..

Йўқ, аслида бундай бўлмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган.