2020 йил 1 январдан Олий Мажлис палатаси Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги низом кучга кирди.
Тўй-маъракаларни тартибга солиш бўйича ҳукумат даражасида қарорлар қабул қилинаётганининг ўзи жамиятимизда палак отган тўйчивонлик ва маъракабозлик иллатига барҳам беришни мақсад қилган.
Келинг, тўй ва маъракалар айни пайтда қандай ўтаказилаётгани ҳақидаги учта ҳикоя билан танишиб, уларни қай тартибда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида фикрлашайлик.
Биринчи ҳикоя
Ён қўшнимиз бўлган чол кузда 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб, уч кундан кейин «худойи» қилишди. Қўй сўйилиб, 35-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.
Кейин, қирқ кунгача ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб, бу хонадонда фотиҳахонлик бўлди.
Ниҳоят, жанозадан қирқ кун ўтиб «қирқ» эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, яна 35-40 кило гуруч дамланди.
Маҳалладошларимиз чолнинг жанозасида, «худойи»сида қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Охири «қирқ» эҳсонини ҳам ейишди ва шу билан вафот этган чолнинг фарзандлари фотиҳага келувчилардан қутулди. Аммо...
Аммо, жанозадан 50 кун ўтиб қўшнимизникидан азамонанд кийинган бир гуруҳ аёллар чиқишяпти. Улар фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўляпти. Эркаклар «қирқ»ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги икки ойда ҳам тугамаяпти.
Бошқа жойларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда (Ургутда) аёллар жанозадан икки ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверишади. Мабодо, уларни кимдир қайтарса ҳам «бормасам фалонча (азадор аёл) хафа бўлади», деб ҳам қўйишади.
Ўз навбатида аза бўлган хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир келиб қайта келишмаса «фалончанинг оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб қайта келмай кетди», деб гина ҳам қилишади.
Хуллас, бу одат ва мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Азадор хонадон аҳллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб фотиҳа қилишга келадиганларни кутишга мажбур.














