Бу ҳақда биринчи бўлиб хабар тарқатган «Тасним» ахборот агентлиги авиаҳалокат «техник носозлик» туфайли рўй берганини маълум қилди.

Воқеа жойига дарҳол қутқарувчилар етиб келишди. Аммо Эрондаги «Қизил яримой» жамияти вакиллари ҳалокатдан омон қолганлар йўқлигини маълум қилишди. Самолётда қанча киши бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ - 167дан 180гача бўлган рақамлар айтилмоқда. Йўловчилар турли давлатлар фуқаролари бўлган. Эрон қутқарув хизмати раҳбари Пирҳусайн Куливанд давлат телевидениесига берган интервьюсида бортда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлгани, қутқарувчилар қурбонларнинг жасад қолдиқларини йиғиш билан шуғулланаётганини маълум қилди.

Эрондаги ижтимоий тармоқларда самолёт қулаши тасвирланган видеоёзувлар тарқалди.

Маълум бўлишича, самолёт «Украина халқаро авиалиниялари»га (МАУ) тегишли бўлган. 

Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, самолёт жойлашуви ҳақидаги сўнгги маълумот у Теҳрон яқинидаги Паранд шаҳри устидан учиб ўтаётган вақтда олинган.

МАУ сайтида Теҳрондан Киевга учган PS752 рейси маҳаллий вақт билан 5:15 да (Тошкент вақти билан 6:45да) учиб кетгани кўрсатилган.

Ушбу ҳалокат Яқин Шарқда АҚШ-Эрон муносабатларида юзага келган эскалация билан ҳам боғланмоқда. Бугун тонгда, ушбу авиаҳалокат билан бир вақтда Эрон қуролли кучлари АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракеталар билан зарба берди. Учирилган 15та ракетадан 11таси нишонга бориб теккан. Айни вақтда бу ракеталардан бири самолётга тегиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар билдирилмоқда.