«Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғояни илгари сурган эди. Мақсад одамларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳар қандай қулайликлар яратишдан иборат. Бунинг учун, аввало, расмий идораларга у ёки бу юмуш билан мурожаат қилган аҳолининг вақти ва маблағини тежаш, айниқса, сарсон-саргардонликка барҳам бериш, қолаверса, коррупцияни бартараф этиш мақсадларида давлат хизматлари кўрсатишнинг яхлит, замонавий, ишончли тизимини яратишга киришилди.

Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 12 декабрь куни «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилинди. Унга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб Агентлик тасарруфидаги Давлат хизматлари марказлари фаолият юритиб келмоқда. Оддий одамлар учун қулай, кўркам бўлган 80дан ортиқ инновацион бинолар жисмоний ва юридик шахсларга хизмат қилиб келаётган бўлса, бугунги кунда яна 94та шундай иншоотларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, олис жойларга чиқиш орқали («мобил давлат хизматлари») қулай ва шаффоф тарзда сайёр хизматлар ҳам кўрсатиляпти. Бугунги кунга келиб, Давлат хизматлари марказлари орқали «ягона дарча» тамойили асосида 130 турдан зиёд хизматлар тақдим этилмоқда. 2017 йилда аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 12 мингтани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 13 миллионтадан ошган. Энг кўп мурожаат қилинадиган 36 турдаги хизматлар бўйича ҳужжатлар сони 112тадан 52тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати 280 кундан 126 кунга қисқартирилди.

Масалан, илгари ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун паспорт, тиббий маълумотнома, имтиҳон варақаси, эски гувоҳнома, расм ва энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида тўлов талаб қилинган. Эндиликда эса фақат учта нарса: эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони, базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи ҳажмида тўлов керак, холос. 

Ўтган йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг яшаш жойидан ва ташкилотларнинг манзилидан қатъи назар, исталган марказ орқали давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу одамларга жуда катта қулайлик яратиб, сарсонгарчиликдан халос этди. Масалан, Тошкентдаги университетга Нукусдан келиб ҳужжат топшириш учун камида 2 миллион сўм харажат қилинган бўлса, ҳозирда исталган марказга мурожаат қилиш кифоя. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, 94та янги марказ барпо этилишини аксар ҳолларда хусусий сектор билан шерикликда амалга ошириш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари бу дастлабки қадамлар экани, аҳолига қулайликларни янада кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.