Лондонда олий таълим олиш қанчага тушади? Англияда «контракт» нархи қанча, яшаш харажатлари-чи? Ҳам ўқиб, ҳам ишласа бўладими? Талаба ёзги таътилда ишлаб, контрактининг қанча қисмини ўзи тўлай олиши мумкин?

Кўпчилик ёшларни қизиқтирадиган шу ва бошқа саволларга Kun.uz Буюк Британияга сафари давомида Лондон университетларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан жавоб олди.

Ольстер университетининг Лондондаги филиали 2-босқич талабаси – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакили Садрижаҳон Ҳасанов, Гринвич университети 1-курс талабаси Улуғбек Раҳмонбердиев ва Ғарбий Лондон университетининг 2-босқич талабаси Фирдавс Тахтамишев билан кечган суҳбатимизда хорижда ўқиш истагидаги ёшларни энг кўп қизиқтирадиган мавзуларни қамраб олишга ҳаракат қилдик.

Ўқиш харажатлари қанча?

Кўпчиликни қизиқтирадиган биринчи масала – харажатлар. Олдиндан айтиш жоиз, бу борада биз грант ва танловларсиз ўқишга кириб, стипендиясиз таҳсил олишдаги чиқимларни келтириб ўтамиз. Чунки турли грант дастурларида ғолиб бўлиш имконияти, табиийки, чекланган ва бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Харажатлар миқдорини белгилайдиган икки асосий омилдан бири – контракт нархи бўлса (университетнинг даражасига қараб анчага фарқ қилади), иккинчиси – талабанинг қайси молиявий даражада ҳаёт кечириши (студентга хос тежамкорлик режимидан тортиб, қиммат шаҳардаги шоҳона ҳаётгача).

Суҳбатдошларимизга кўра, Англияда олий таълим нархи йилига 9-12 минг фунтдан бошланади. Аксарият университетларда бакалавриат дастури 3 йилга мўлжалланган. Йиллик тиббий суғурта 300 фунтга тушади.

Ўртача-минимум ҳисобларда: турар-жой масаласини ойига минимум 350-400 фунт билан ҳал этиш мумкин; Лондонда жамоат транспортининг талабалар учун ойлик йўл чиптаси 100 фунт атрофида; овқатланиш харажатлари эса ойига 200-300 фунтни ташкил қилади.

Талабалар ишлаши мумкинми?

Буюк Британияда талаба визасига эга хорижликлар ўқув йили давомида ҳафтасига 20 соат ишлашлари мумкин. Амалда эса кўплаб студентлар бу меъёрдан кўпроқ ишлашади. Талабага ўқишдан ташқари ишлаш маън этилган университетлар ҳам бор.